21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида глобал чақириқлар ва таҳдидлар: муаммо ва ечимлар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Конференциянинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
А.Саидов даставвал кўп миллатли халқимиз 2023 йил 30 апрелдаги референдумда янги таҳрирдаги Конституциямизни якдиллик билан қабул қилганлигини таъкидлади. Унда Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги муҳим тарихий босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришга оид устувор йўналишлар белгиланган.
Конституциямизда биринчи маротаба Янги Ўзбекистоннинг конституциявий тавсифи берилди. Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар 3 баробар кўпайди. Буларнинг барчаси – ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларида қонун устуворлиги таъминланади, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси худдики соат механизмидек тўғри ва аниқ ишлайди, деганидир.
Ўзбекистон Президенти “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилганининг икки йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция юртимизда кенг нишонланадиган Конституция куни байрами арафасида бўлиб ўтаётганида ҳам ўзига хос рамзийлик бор.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси қисқа давр ичида Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети қатори мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим каби йўналишларни ривожлантириш соҳаларида ўз муносиб ўрнини эгаллади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил топганидан буён ушбу Академия билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, икки томон ўртасида ҳамкорлик учун Меморандум имзоланган. Ўқув курслари ташкил этиш соҳасида муайян натижаларга эришилди. Ўзаро академик алмашинув соҳасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Маҳорат дарсларини ташкил этиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам яхши натижалар бермоқда.
Халқаро илмий-амалий конференция икки кун давом этади. Анжуман ишида халқаро экспертлар, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, илмий жамоатчилик вакиллари қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.11.2024
- Кўришлар: 681
- Чоп этиш