3 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс маркази негизида “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилиш маросими бўлади. Янги маърифат маскани Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилди.
“Инсон ҳуқуқлари уйи” мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни кучайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган ихтисослаштирилган платформа, яъни “инсон ҳуқуқлари маърифати майдони” ҳисобланади. Бу ерда, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилади.
Очилиш маросими Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Тадбир 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни доирасида ташкил этилмоқда.
Тақдимотга 100 нафар иштирокчи таклиф этилган. Хусусан, фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари ҳозир бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши тадбирини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларидаги кутубхоначилар онлайн кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.11.2024
- Кўришлар: 857
- Чоп этиш