ИНСОННИНГ САЙЛОВГА ОИД ҲУҚУҚЛАРИ ҲАМДА УНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ
Сайлов – демократик давлатнинг энг асосий белгиларидан бири бўлиб, фуқароларнинг овоз бериши орқали давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркибини ташкил этиш воситасидир. Сайловлар халқ иродасини ифода этиб, унинг давлат бошқарувида бевосита ёки сайланган вакиллари орқали иштирок этишини таъминлайди.
Сайлов ҳуқуқига оид халқаро стандартлар, принциплар ва андозалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор универсал тусдаги халқаро шартномаларида мустаҳкамланган. Хусусан, 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги ҳамда халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги ҳақидаги фундаментал нормалар мустаҳкамланган.
Шунингдек, БМТ томонидан қабул қилинган яна бир ҳужжат, яъни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаро камситишларсиз ҳамда асоссиз чекловларсиз бевосита ва эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш, шу билан бирга, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги кафолатлари белгиланган.
Бундан ташқари, сайлов ҳуқуқига оид принциплар 1965 йил 21 декабрда қабул қилинган Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида халқаро конвенциянинг 5-моддасида ҳамда 1963 йил 20 ноябрда қабул қилинган Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида БМТ декларациясининг 6-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз давлат раҳбари бошчилигидаги ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва амалий ташаббуслар даврида дадил одимламоқда. Давлатимиз томонидан сайловга оид умумътироф этилган халқаро стандартларни ўзида тўла акс эттирган миллий сайлов тизимини шакллантириш ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, сайлов қонунчилигига халқимизнинг миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган ва умуминсоний принципларга мос бўлган хоҳиш-иродасини янада кенг сингдириш билан боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бу борада алоҳида эътирофга сазовор ислоҳотлардан бири сифатида 2019 йил 25 июнь куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси имзоланганини таъкидлаш ўринлидир. Мазкур Кодекс “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги каби тарқоқ ҳолдаги қонунларни ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид бир қатор низом ва йўриқномаларини ягона ҳужжатга мужассамлаштириш орқали яратилди.
Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда Франция, Белгия, Бразилия, Беларус ва Озарбайжон каби 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатнинг сайлов қонунчилигига оид тажрибаси ўрганилди ҳамда халқаро ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилганлиги бўйича Венеция комиссиясининг тегишли хулосаси олинди. Лойиҳага, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсиялари сингдирилди.
Натижада ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилди. Қуйи палатанинг барча депутатлари бевосита фуқаролар томонидан сайланиши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан вакиллар сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши, сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд президентликка номзодни қўллаб-қувватловчи имзо қўйишга ҳақли эканлиги ушбу Кодексда мустаҳкамлаб қўйилди.
Энг асосийси, 2023 йил 30 апрелда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда катта воқеа – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини мақбуллаш учун умумхалқ референдуми ўтказилди. Референдум натижасига кўра, сайловчиларнинг 90,2 фоизи Қонуннинг 1-моддасига илова қилинган Конституциянинг янги таҳририни ёқлаб овоз берди.
Янгиланиш натижасида, Асосий қонундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман олганда, Конституция 65 фоиз янгиланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги, 36-моддада эса фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги каби демократик руҳдаги меъёрлар ўз аксини топди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда демократик сайлов тамойиллари конституциявий асосларда қатъий мустаҳкамланди. Бир қатор моддаларда фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланди.
Бош қомусимизнинг алоҳида ХХII боби айнан сайлов тизими, шу билан бирга, фуқароларнинг сайловга оид асосий ҳуқуқларини кафолатлашга бағишланган. Конституциянинг 128-моддасида ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эгалиги, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши белгиланди.
Шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги кўрсатилди.
Асосий қонуннинг 129-моддасига биноан, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Шу ўринда Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларигагина амал қилиб иш кўриши лозимлиги конституциявий асосларда эътироф этилди.
Конституциявий ислоҳот натижасида яна бир янги институт – сайлов ҳуқуқига эга бўлган юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар илк бора қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқини қўлга киритди. Яъни, бу – бевосита қонун ижодкори сифатида фуқароларнинг шахсан ўзлари ташаббус кўрсатиши мумкин, деганидир.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилди.
Сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 15 миллиондан ортиқ фуқаро ёки 74,72 фоиз сайловчи иштирок этди. Сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. Шу асосда 40 та мамлакатда ташкил этилган 57 та сайлов участкасида жами 140 минг 388 нафар сайловчи овоз берди.
Мамлакатимиздаги парламент сайлови халқаро жамоатчилик ва экспертлар томонидан ҳам катта қизиқиш билан қарши олинди. Сайловни 65 минг зиёд маҳаллий кузатувчи, 850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб борди, 1 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари кенг ёритишда иштирок этди.
Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида иштирок этар экан, қуйи палатанинг янги сайланган ва мандатига киришаётган депутатларига қарата: “Сиз жойлардаги одамларнинг вакили, халқнинг овозисизлар. Буюк халқимиз билдирган ишончга муносиб бўлишингиз керак. Ҳар бир масалага ёндашувда, қонунлар ишлаб чиқишда узоқ-яқин туманлардаги инсонларни кўз олдингизга келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларни ҳам ўйлаб иш тутсангиз, элимиз сиздан рози бўлади,” деб таъкидлади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқнинг хоҳиш-иродасини тўла ифода этган ҳамда конституциявий кафолатланган миллий сайлов тизими ва шу асосда ўтказилган сайловлар мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотлар амалда рўёбга чиқаётгани ва юксак самаралар бераётганининг ёрқин далилидир.
Холмуҳаммад Абдурасулов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 30.11.2024
- Кўришлар: 560
- Чоп этиш