28-29 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенциясининг 40 йиллигига бағишланди.
Ўқув курси Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим ҳамда Тошкент шаҳар судининг 5 нафар судьяси тингловчи сифатида иштирок этди.
Машғулотларнинг очилиш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов иштирокчиларни видеомурожаат орқали қутлади.
Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.
Машғулотлар аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.
Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев шу ҳақда батафсил маълумот берди.
Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директор ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Туляганов, Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Шаҳобиддин Ғаниев ҳамда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьяси Ҳусан Қаюмов томонидан олиб борилди.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида жами 65 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 01.12.2024
- Кўришлар: 487
- Чоп этиш