Тошкентда "Инсон ҳуқуқлари уйи" ташкил этилишининг ҳуқуқий асоси – Президент қарори

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс маркази негизида “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолият бошлаши муносабати билан 3 декабрда бўладиган расмий очилиш маросимига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шу ўринда “Инсон ҳуқуқлари уйи” шаклланиши жараёни Миллий марказнинг тарихи ва чорак асрдан ортиқ даврдаги ривожланиш босқичлари билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаш лозим.

Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини тузиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Миллий марказнинг Ахборот-ҳуқуқ бўлими ҳузурида кутубхона ташкил этилган.

Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ўша кутубхона – Ахборот-ресурс марказига айлантирилган.

Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 25 мартда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Бундан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базанинг тизимли шакллантирилишини ташкил этишдан иборатдир.

Қарорда, шунингдек, 2021-2023 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Ўзбекистон Республикасининг аъзолиги самарали амалга оширилишини таъминлаш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилашга доир амалий чора-тадбирлар кўзда тутилди.

Президентининг 2022 йил 25 мартдаги қарори ижроси доирасида, жумладан, Миллий марказда Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – "Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.

Президент қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига қўшимча асосий вазифалар ҳам юклатилди. Хусусан, Миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш билан шуғулланиши белгиланди.

Эндиликда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг солномасини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш масалалари бўйича ҳам Миллий марказ масъул ҳисобланади.

Шунингдек, Миллий марказ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш билан изчил шуғулланмоқда. Зеро, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Миллий марказ зиммасидаги яна бир муҳим вазифа – инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришдир. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда бирламчи аҳамият касб этади. Бундай таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқлар, эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech