Янги Ўзбекистоннинг “Инсон ҳуқуқлари уйи” – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, маърифат ва маданият рамзи

3 декабрь куни Тошкентда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс маркази негизида “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини расман бошлади. Шу муносабат билан Миллий марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда тантанали очилиш маросими ташкил этилди.

Тадбирга фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари – жами 100 нафар атрофидаги иштирокчи ҳозир бўлди. Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг  очилиши тадбирини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларидаги кутубхоначилар онлайн кузатиб борди.

Қутлов учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоевага сўз берилди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан бунёд этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими тараққиёти йўлида ғоят муҳим қадам эканлигини эътироф этдилар. Ушбу тантанали тадбир 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари халқаро куни тимсолидаги иккита муҳим санага бағишлангани бежиз эмаслиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президентининг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Агар дунё мамлакатлари Конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.+

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётига изчиллик билан татбиқ этилаётган Асосий қонунимизнинг 56-моддасида белгиланганидек, “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади”. Шу маънода, “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий асосда фаолият бошлаши айни конституциявий норманинг рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ йирик амалий тадбир ҳисобланади.

Ўзбекистон ўзи қўшилган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги асосий халқаро шартномаларда зиммасига олган мажбуриятларни қатъий ва оғишмай бажариб келмоқда. Айниқса, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш борасида тизимли ишлар мунтазам асосда олиб борилмоқда.

Тантанали очилиш тадбирининг одатий анъанаси – лента қирқиш маросими ўтказилди. Ипак тасмани Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева биргаликда қирқдилар.

Шундан сўнг халқаро ҳамкорлар ва дипломатик корпус вакилларига сўз навбати берилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл, ЕХҲТ Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг собиқ директори, халқаро эксперт Маттео Мекаччи, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси Биляна Милошевич Ўзбекистон халқини “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши билан қутлар экан, ушбу маърифат маскани мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, маърифат ва маданият рамзи эканлигини қайд этдилар.

Тадбирда, шунингдек, мамлакатимиз академик ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари сўзга чиқди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар  академияси  Давлат  ва  ҳуқуқ  институти  директори  Муроджон  Турғунов ва “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляковнинг чиқишлари тингланди.

Тантанали тадбир якунида меҳмонлар “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг фаолияти билан танишдилар. Бир пиёла чой устида инсон ҳуқуқлари бўйича янги маърифат масканининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида самимий суҳбатлашилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

XS.uz

UzDaily.uz

Ishonch.uz

Darakchi.uz

"Ishonch" газетасининг 2024 йил 5 декабрдаги 148 - сони

Rivojlanish.com

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech