Сўз - “Инсон ҳуқуқлари уйи” очилиши иштирокчиларига

Маттео Мекаччи – халқаро эксперт, ЕХҲТ Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг собиқ директори:

– Мен учун “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши тадбирида иштирок этиш жуда катта имконият, бундан жуда миннатдорман. Биз инсон ҳуқуқлари қанақадир назарий тушунча эмас, балки ушбу ҳуқуқларни ҳаётда, амалиётда татбиқ этиш муҳимлиги тўғрисида фикр юритгани ҳам йиғилганмиз. Яъни, инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқи, ўз фикрларини ифодалаш ҳуқуқи, ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларнинг барчаси нафақат қонунчилик ҳужжатларида акс этиши, балки кундалик ҳаётимизда ҳам бажарилиши лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарларини, барчангизни ушбу маърифат масканининг очилиши билан табриклайман. Чунки ушбу маскан инсон ҳуқуқларига оид бўлган билимларни тарқатиш учун жамоатчиликка очиқ илмий тадқиқот ва ўқув марказига айланмоқда.

Бугунги замонавий дунёмизда, албатта, кутубхоналар ўзгариб, тобора ривожланиб бормоқда. Айни пайтда кутубхоналар, худди олис тарихда эътироф этилгани каби, қалбимизга малҳам эканлигидан иборат ўзларининг муҳим хусусиятини  ҳам сақлаб қолмоқда.

Тадбир иштирокчилари орасида кўплаб ёшларни кўриб қувондим, уларга қараб ўз ёшлигимни, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги лавозимларда юқорилашим аввалида нодавлат нотижорат ташкилотларида ишлаган пайтларимни эсладим. Айтмоқчиманки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар, албатта, билим ва маърифатдан бошланади. Тегишли билимларга эга бўлиб, сўнг уни амалиётда  ишлатиш учун ҳар доим астойдил интилиш ва изланиш лозим.

Сўзимнинг якунида инсон ҳуқуқлари – қанақадир якуний марра эмас, аксинча, изчил давом этадиган узлуксиз жараён эканини таъкидламоқчиман. Дунёда ҳеч қайси мамлакат биз инсон ҳуқуқлари бўйича вазифаларимизни бажариб қўйдик, деб хотиржам бўла олмайди. Аксинча, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳаси мунтазам ва тўхтовсиз тарзда мукаммаллик сари интилиш ҳамда астойдил саъй-ҳаракатда бўлишни талаб қилади.      

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech