Ҳар қандай давлат ҳуқуқий тизими асосини нормалари бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан устун саналган ҳамда олий юридик кучга эга бўлган Конституция ташкил этади. Шунингдек, мамлакат қомуси нафақат фуқаролар ва давлат ўртасидаги, балки халқаро муносабатларга оид асосий йўналишларни ҳам тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланади. Зеро, аксар давлатлар конституциясида ташқи сиёсатнинг асоси ва устувор йўналишлари, давлат идораларининг халқаро муносабатлар соҳасидаги ваколати, қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқ нормалари билан ўзаро муносабати белгилаб берилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Муқаддима”сида “Конституция халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда” қабул қилингани қайд этилган. Шу ўринда саволлар туғилади: Нима сабабдан мамлакат Конституцияси халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиши керак? Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари нималардан иборат? Бизнинг қомусимизда ҳам бу акс этганми? Қуйида шу ва бошқа масалалар юзасидан фикр юритамиз.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб халқаро муносабатларда тўла ҳуқуқли субъект сифатида иштирок эта бошлади. Давлатлар билан дипломатик алоқа ўрнатди, халқаро ташкилотларга аъзо бўлди, кўплаб халқаро шартномаларга қўшилди. Буларнинг бари юзага келадиган муносабатларни тартибга солишда республикамизни халқаро ҳуқуқ нормалари билан боғлади. 1992 йил қабул қилинган Конституция “Муқаддима”сида ҳам Ўзбекистон “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиши” белгиланган.
Миллий ва халқаро миқёсда қонун устуворлиги таъминланиши халқаро ва миллий ҳуқуқий тизимлар уйғун ривожланишини тақозо этади. Айни жараён самарадорлиги ушбу икки ҳуқуқ тизимининг ўзаро таъсирига боғлиқ. Давлатлар ўртасидаги муносабатда халқаро тартиб ва мувозанатни шакллантириш томонлар ўз халқаро-ҳуқуқий мажбуриятини бажариб, миллий даражада амалга оширишини талаб қилади. Ушбу вазифани халқаро ҳуқуқий нормаларни амалга оширишнинг миллий механизмини яратмасдан самарали ҳал қилиб бўлмайди. Халқаро ҳуқуққа нисбатан муносабат эса Конституцияда ифодаланади.
Конституциямизнинг 15-моддасида шундай дейилган:
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланади.
Мазкур норма республикамизнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига нисбатан муносабатини белгилайди. Яъни, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми сифатида халқаро ҳуқуққа хайрихоҳ муносабатда бўлиш заруратидан келиб чиқиб, халқаро нормаларнинг юқори мақоми ҳамда ҳуқуқий тартибга солишдаги муҳим ролини Конституция даражасида мустаҳкамлаган.
Ушбу норма халқаро ҳуқуқ нормаларини амалга оширишнинг зарур конституциявий кафолатини яратиш баробарида миллий ҳуқуқий тизимнинг бир бўлагига айланган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига устунлик ҳам беради. Бунда халаро ва миллий ҳуқуқ нормалари ўртасида қарама-қаршилик юзага келса, халқаро ҳуқуқ нормалари қўлланиши тушунилади.
Қайд этиш жоиз, шу каби нормалар янги таҳрирдаги Конституция билан қабул қилинишидан олдин ҳам миллий қонунчиликда мавжуд эди. Яъни, аксарият қонунларда “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоида белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидаси қўлланиши” тўғрисида норма бор. Юқоридаги норма Конституция даржасида белгиланиши халқаро ҳуқуқ нормалари аҳамиятини белгилаш билан бирга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига ҳам худди шундай мақом берди.
Мазмунига кўра, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари устуворлиги тўғрисидаги банд жуда кўп давлатлар Конституциясида мавжуд.
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари тўғрисида халқаро ҳуқуқ назариясида ва кўплаб олимлар томонидан турли фикрлар билдирилган. Ушбу манбалардан англашиладики, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари деганда халқаро шартномалар, халқаро ташкилотлар уставлари, халқаро судлар қарорлари, шунингдек халқаро одатлардаги халқаро ҳуқуқнинг асосий императив ҳамда фундаментал нормалари, барча давлатлар халқаро ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ва тан олинган, четга чиқиш мумкин бўлмаган нормалар тушунилади.
Бундай меъёрлар энг юқори юридик кучга эга бўлиб, барча нормалар шу ҳужжатларга мувофиқ бўлади, барча давлатлар ва халқлар, умуман халқаро ҳамжамиятнинг асосий манфаатларини акс эттиради.
Анъанавий равишда халқаро ҳуқуқда 1945 йил 26 июнда қабул қилинган БМТ Устави, 1970 йил тасдиқланган Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларация ҳамда 1975 йил қабул қилинган ЕХҲКнинг Хельсинки Якуний актида мустаҳкамланган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган 10 принципи ажратиб кўрсатилади.
Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияда Халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик, Низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, Давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, Давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорлик, Халқларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаши, Давлатлараро муносабатларда суверен тенглик, Давлатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларни виждонан бажариш сингари асосий тамойиллар белгиланган.
1975 йилда қабул қилинган ЕХҲК Хельсинки Якуний актида эса қуйидаги асосий шартлар белгиланган: Чегаралар бузилмаслиги, Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш.
Маълумки, Хельсинки Якуний акти расман халқаро шартнома ҳисобланмаса-да, қабул қилингандан сўнг, нафақат Европа, балки дунёнинг аксарият мамлакатлари раҳбарлари
ушбу ҳужжатнинг юридик мажбурий қоидаларини тан олгани тўғрисида расмий баёнот беришган.
Қайд этиш жоиз, юқоридаги ҳужжатларда санаб ўтилган умумэътироф этилган принципларнинг аксарияти БМТ Устави 1-2-моддаларида аксини топган. Кейинчалик шу Устав юқорида санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, бошқа ҳужжатларда ҳам ушбу тамойиллар белгиланиши учун асос вазифасини ўтаган.
Хусусан, 1969 йил қабул қилинган Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенция 26-моддасида “Pacta sunt servanda” принципи, яъни “ҳар бир амалдаги шартнома иштирокчилар учун мажбурий ва виждонан бажарилиши керак”лиги белгиланган. Бу шарт БМТ Устави 2-моддаси 2-бандидаги “БМТнинг барча аъзолари ушбу Устав бўйича зиммаларига олган мажбуриятини виждонан бажарадилар” қоидасидан келиб чиққан.
Шу нуқтаи назардан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларининг қуйидаги белги ва хусусиятларини кўрсатиш мумкин:
- ушбу принциплар барча ёки деярли барча давлатлар томонидан тан олинган;
- принциплар суперимператив ёки юқори юридик кучга эга бўлган “jus cogens” (императив) нормалар хусусиятига эга;
- мазкур принциплар ҳам хусусий, ҳам оммавий муносабатларни тартибга солади;
- ушбу принципларни бузиш халқаро-ҳуқуқий характердаги санкцияларни қўллаш учун асос бўлиши мумкин.
Мазкур халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари Ўзбекистон Конституциясининг асосий принципларидан бири этиб белгиланган “Ташқи сиёсат” бобида ўзига хос тарзда санаб ўтилган. Хусусан, 17-моддада “Ўзбекистон ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар бузилмаслиги, давлатлар ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик тамойиллари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”, деб белгиланган.
Ушбу моддада халқаро ҳуқуқнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги энг устувор 6 тамойили келтирилган. Шунингдек, мамлакатнинг ташқи сиёсати ушбу нормада назарда тутилмаган бошқа приницип ва нормаларга ҳам асосланиши белгиланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Конституциянинг 1992 йил қабул қилинган таҳририда мазкур моддада “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” тамойили назарда тутилмаган. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда ушбу принцип қўшилган.
Бундан ташқари Конституциянинг 18-моддасида Ўзбекистоннинг давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат амалга ошириши, давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликлар ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда бундай тузилмалардан чиқиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу норма ҳам моҳияти нуқтаи назаридан, гарчи
17-моддада санаб ўтилган тамойиллар қаторида бўлмаса-да, “давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорлик” принципини ифодалайди.
Бундан ташқари “инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш” тамойили 17-моддада келтирилмаган бўлса-да, Конституциянинг “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқи, эркинлиги ва бурчи” номли иккинчи бўлимидаги 40 та модда шу масалага бағишланган. Мазкур моддалар мазмунидан тушуниш мумкинки, Ўзбекистон нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципига қатъий амал қилади.
Халқаро муносабатларда ёки ташқи сиёсатда айни тамойиллар мазмунан бир-бири билан ўзаро боғлиқ. Баъзиларини инкор этиш бошқаларини ҳам тўлақонли амалга ошириш имконини йўққа чиқаради.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини ифодалаган, деярли, барча универсал шартномаларни ратификация қилган. Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон учун амал қилади ва тўғридан-тўғри таъсир кучига эга. Бу мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига амал қилишга нисбатан хайрихоҳлиги далилидир.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
бош юрисконсульти
ЎзА
- Қўшилди: 04.12.2024
- Кўришлар: 493
- Чоп этиш