Сўз - “Инсон ҳуқуқлари уйи” очилиши иштирокчиларига

Элдор ТУЛЯКОВ – “Тараққиёт стратегияси” маркази директори:

 

– “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши Ўзбекистоннинг нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, балки янги таҳрирдаги Конституциямиз ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосидаги мақсадларни рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам ҳамдир. Ушбу маърифат маскани инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятимизни янги босқичга кўтаради, деган умиддаман.

Инсон ҳуқуқлари ҳар қандай жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги ва адолатли ривожланишининг асосий тамойилидир. Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояси давлат сиёсатининг марказий йўналиши бўлиб, инсон қадрини юксалтириш “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларимиз марказида турибди. Бу тамойил нафақат фуқароларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилади, балки жамиятда ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорлик муҳитини ҳам яратади.

Шу нуқтаи назардан, “Инсон ҳуқуқлари уйи” – нафақат ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган, балки инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тадқиқотлар учун замонавий майдон сифатида хизмат қилади, деган фикрдамиз. Шунингдек, бу ерда инновацион ёндашувлар жорий этилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги янги ташаббуслар ривожлантирилишига ҳам ишонамиз.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратди. Унда, жумладан, инсон қадри энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланди. Ҳар бир фуқаронинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқлари кафолатланди. Давлат органлари фаолиятида жамоатчилик назорати ва ҳисобдорликни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этди.

Бу қоидалар асосида “Инсон ҳуқуқлари уйи” фуқароларнинг ҳуқуқларини амалий ҳимоя қилишда самарали институт сифатида хизмат қилишига аминмиз.

Бугунги кунда рақамли технологиялар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги имкониятлар яратмоқда. Бинобарин, “Инсон ҳуқуқлари уйи” рақамли платформалар орқали ҳуқуқий ахборот тарқатиш, ҳуқуқларни ҳимоя қилишда инновацион ечимларни жорий этишда етакчи бўлиши тайин. Зеро, эндиликда айни шу орқали ёшлар ва жамиятнинг кенг қатламлари инсон ҳуқуқларига оид билимлар билан таъминланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech