3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Тошкент шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий технологиялар орқали реабилитация қилиш воситалари билан таъминлаш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий aгентлиги вакили Илҳом Муҳиддинов семинарни очиб берди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 26-моддаси “абилитация ва реабилитация” масалаларига бағишланган. Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, улар иложи борича мустақил жисмоний, ақлий, ижтимоий ва касб қобилиятларини намоён этиши учун барча самарали чораларни кўриши зарурлиги белгиланган.
Шу асосда тадбирда “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси”нинг 14-бандида доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш учун шароит яратиш борасидаги амалий ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Семинарда давлат органлари ходимлари ва ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Улар ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг замонавий технологияларга асосланган илғор воситалари ва энг янги жиҳозлар билан таништирилди.
Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация-техник воситалар билан таъминлашга бағишланган амалий кўргазма ташкил этилди. Бунда иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва уларни ишлатиш жараёнларини ўз кўзлари билан кузатиш имкониятига эга бўлди.
Россия реабилитация шифокорлари иттифоқининг амалдаги аъзоси, Шимолий Америка реабилитация технологиялари ва техник реабилитация ускуналари уюшмаси аъзоси, шифокор Анна Литус ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Унинг тақдимоти “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида инновацион-техник воситалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган реабилитациянинг замонавий усуллари” мавзусига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили Илҳом Муҳиддинов “Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация-техник воситалар билан таъминлаш” мавзусидаги тақдимотини ҳавола қилди.
Маърузалар асносида эътироф этилганидек, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш бўйича 12 та марказ мавжуд. Уларда бир йилда ўртача 26 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс реабилитация тадбирлари билан қамраб олинмоқда.
Айни тадбир ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга хавфсиз муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Келажакда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва бундай тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида “Инклюзив жамият сари” мавзусидаги видеороликлар танлови бўйича ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 397
- Чоп этиш