5 декабрь куни Тошкент шаҳрида айни мавзуда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Миллий форуми бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форумни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Юксалиш” миллий ҳаракати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни алоҳида эътирофга лойиқ. Тадбирда миллий ва хорижий экспертлар, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади. Миллий марказнинг Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Ўткир Очилов Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги юзасидан маъруза қилди.
Япи мажлисда сўз олганларнинг таъкидлашича, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур форум Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, қонунчилик, маъмурий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, бир сўз билан айтганда, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари учун соҳа доирасида фикр алмашадиган фаол мулоқот майдонига айланди.
Бугунги кунда ушбу мулоқот майдонида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида белгилаб олинган бир қатор мақсад ва вазифалар ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямиз нормалари, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, шунингдек, 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бунда алоҳида аҳамият касб этади.
Айни дастуриламал ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини такомиллаштириш, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни бартараф этиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилди ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Форумда сўз олганлар мазкур ислоҳотлар давомийлиги йўлида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органлари ҳамда ННТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, ривожланиш истиқболлари ҳамда ННТнинг соҳага оид ташаббуслари ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр-мулоҳаза алмашдилар. Шунингдек, иккита асосий йўналиш бўйича ташкил қилинган шўъба мажлисларида миллий экспертлар, фаол ННТ вакилларининг маърузалари тингланди.
Шу негизда фуқароларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга оид ҳуқуқларини таъминлашда давлат органларининг масъулияти, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари йўналишидаги ННТ ролини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ННТ фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Миллий форум якунида муҳокама қилинган барча масалалар натижаси бўйича инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклигини янада кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 528
- Чоп этиш