12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Беларусь Республикаси Бош прокуратураси томонидан ташкил этилган БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигига бағишланган Иккинчи халқаро илмий-амалий конференцияда онлайн тарзда иштирок этди.
Тадбирда Беларусь ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, шунингдек, Россия, Швеция, Италия, Польша, АҚШ, Германия, Чехия ҳамда Ўзбекистондан жамоат ва сиёсат арбоблари иштирок этди.
Конференция давомида А.Саидов “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида нутқ сўзлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда турли конфессиялар ва этник гуруҳларнинг ҳамжиҳатликда истиқомат қилишининг кўп асрлик тарихий тажрибаси тўпланган. Мамлакатимизда 16 та диний конфессиянинг 2 минг 300 дан ортиқ диний ташкилоти фаолият юритмоқда.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатлашга ҳамда миллатлараро ўзига хосликни сақлашга қаратилган Милллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси доирасида мамлакатимиз ҳудудида турли миллат ва элатларнинг бағрикенглик ва тотувлик муҳитида истиқомат қилиши таъминланганлиги юксак баҳоланди.
Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТнинг низом органлари ва шартнома қўмиталарига инсон ҳуқуқлари бўйича ратификация қилинган халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузаларни ўз вақтида тақдим этиб боришига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида таълимнинг барча босқичлари, мактабдан то кадрларнинг малакасини ошириш босқичигача бўлган бўғинларига инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этилаётганлиги юксак эътироф этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар инсон ҳуқуқлари йўналишидаги миллий қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2024
- Кўришлар: 306
- Чоп этиш