«ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УЙИ»ДА КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази «Инсон ҳуқуқлари уйи»да шоир ва таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб «Эзгулик тақвими: ният, сўз ва амал бирлиги» номли китобнинг тақдимоти бўлди.

Марказ директори, академик Акмал Саидов тақдимотни очар экан, ҳар қайси жамият аъзолари учун иш ва дам олиш кунлари мамлакат тараққиёти ва миллий фаровонликка бевосита хизмат қилиши жиҳатидан қанчалик аҳамиятли бўлса, байрам кунлари, муҳим миллий ва халқаро саналар ҳам шунчалик қадрли эканлигини таъкидлади.

«Инсон ҳуқуқлари уйи» ташаббуси билан чоп этилган дастлабки янги нашрда муҳим миллий ва халқаро саналар ҳамда қутлуғ байрамларга бағишланган 70 та мақола ва шарҳ жамланган.

Тақдимотда сўзга чиққан ҳуқуқшунос, журналист ва адиблар ушбу тўплам китобхоннинг турли байрамлар ва муҳим саналар ҳақидаги тушунча ҳамда тасаввурини янада бойитишга хизмат қилишини эътироф этдилар.

Ушбу китобда Интернет тармоқларда учрамайдиган нодир манбаларда битилган кўплаб зарур маълумотлар, муаллиф ўз ҳаёт йўлида гувоҳи бўлган тарихий воқеалар билан боғлиқ муҳим далиллар ҳам қайд этилган.

Тадбир якунида тақдимот иштирокчиларига янги китоб туҳфа этилди. Бир туркум китоблар «Инсон ҳуқуқлари уйи» китоб фондига топширилди.

«ТОНГ ЮЛДУЗИ» газетасининг 2024 йил 51-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech