Ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган тўсиқсиз муҳит ҳолати

17 декабрь куни Тошкент вилоятида айни ҳолат бўйича мониторинг ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 27 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” фармони ҳамда “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси” ижроси доирасида ташкил этилди.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимли ва узлуксиз жараёндир. Унинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг ушбу Конвенцияда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларига риоя этилишини баҳолаш ҳамда таъминлашдан иборат.

Мониторинг ўтказиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Зангиота туманида жойлашган “Занги ота зиёратгоҳи”, Нурафшон шаҳридаги амфитеатр ҳамда автобуслар ва автобус бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Ҳозирда мониторинг якунлари бўйича ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликлар умумлаштирилмоқда. Шу асосда амалий таклифлар ишлаб чиқилади ва тегишли тартибда тақдим этилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech