19 декабрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги "Садоқат" боғи маданият марказида Зангиота туманидаги 21-сон колонияда жазони ўтаётган хотин-қизлар учун китоблар ва инсон ҳуқуқларига оид тарқатма материаллар ҳамда шахсий гигиена воситалари топширилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ушбу акциянинг мақсади маҳкумаларнинг маърифат ва ҳуқуқ бўйича адабиётлардан фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, уларни сақлаш шароитларининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга кўмаклашишдир.
Маросимда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи А.Карттунен, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари О.Сатимбаев, 21-колония бошлиғи Г.Каримова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев, Миллий марказ директори ўринбосари Д.Муратова ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг бошқа расмий шахслари ва ходимлари иштирок этди.
М.Тиллабоев тадбир доирасида 600 дан ортиқ адабиёт, жумладан "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали нашрлари, шунингдек, шахсий гигиена воситалари топширилганини қайд этди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, хусусан, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича фаол чоралар кўраётгани таъкидланди. Айниқса, конституциявий мақомга эга бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Элчи А.Карттунен ушбу ташаббус "Гендер тенглик бўйича миллий механизмни илгари суришга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини ва жорий йил 31 октябрда бўлиб ўтган "Жазони ижро этиш муассасаларини бошқаришнинг гендерга сезгир стратегиялари: илғор тажриба ва асосий муаммолар" мавзусидаги экспертлар давра суҳбатида бошланган ишларнинг давоми эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, тадбир Хотин-қизларни камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW) тавсияларига мос келади ва озодликдан маҳрум этиш жойларида аёлларни сақлаш шароитларини яхшилашга, шу жумладан гендерга сезгир ёндашувни таъминлашга, санитария шароитларини яхшилашга ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш ҳамда маърифий ва маданий ривожланиш учун қулай имкониятлар яратишга қаратилган.
О.Сатимбаев маҳкумларни сақлаш шароитларини инсонпарварлаштириш, жумладан қариндошлар билан мулоқот қилиш, таълим олиш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа ваколатли органлар вакиллари учун жазони ижро этиш муассасаларига кириш имконияти таъминланганини таъкидлади.
Г.Каримова маҳкумларни ахлоқан тузатиш жараёнида китобларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Муассасада кутубхона фондларидан фойдаланиш учун барча шароитлар яратилганини маълум қилди.
Д.Муратова таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бўлиб, янги конституциявий-ҳуқуқий шартларга тўла жавоб беради. Колониянинг кутубхона фондини янгилашдан кўзланган мақсад – қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган инсонларга ёрдам бериш, уларни жамиятга қайтариш ва уларга янги ҳаёт имкониятини беришдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.12.2024
- Кўришлар: 97
- Чоп этиш