Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва ушбу мажбуриятларни бажаришнинг миллий механизмлари” мавзусида икки кунлик семинар ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган семинарда БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш ва Миллий ҳаракатлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларни янада самарали таъминлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Семинарда қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 миллион нафарни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. Шу маънода, мамлакатимиз учун бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи принципиал аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли 3-Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи экспертлар даражасида ўрганиб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг мамлакатимиз парламенти томонидан ратификация қилиниши бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, улар асосида болаларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди.
Муҳими, қабул қилинаётган қонунлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий этишга хизмат қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан экспертлар Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил тарзда давом эттирилаётганига эътиборни қаратдилар. Бу борадаги самарали саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди.
Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Софи Киладзе эътирофича, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг факультатив протоколларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси муҳим ўрин тутади.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий қоидалари, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Парламент назоратининг самарали механизмлари орқали болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида муҳим натижаларга эришилаётгани ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА
- Қўшилди: 13.02.2025
- Кўришлар: 661
- Чоп этиш