ТАЪЗИЯНОМА

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти жамоаси Миллий марказда кўп йиллар самарали фаолият олиб борган атоқли юрист Бакаева Фарида Ходжимуратовнанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Фарида Бакаева 1950 йилда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида таваллуд топган. 1973 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг) юридик факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Тошкент шаҳар ўрта-махсус милиция мактаби, Тошкент шаҳар прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти, Омбудсман котибияти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида масъул лавозимларда ишлаган.

2006 йилдан бошлаб 17 йил мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи лавозимида самарали меҳнат қилган.

Фарида Бакаева “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун”, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари, “Меҳнат фахрийси” II даражали кўкрак нишони билан тақдирланган.

Юридик фанлар номзоди Ф. Бакаева мамлакатимиз миллий қонунчилигини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшган. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда инсон ҳуқуқларига доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этган.

Фарида Бакаеванинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказдаги фаолияти ҳам ниҳоятда сермаҳсул бўлиб, унинг иштирокида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органларга 20 дан ортиқ Ўзбекистоннинг миллий маърузалари тайёрланган, 200 дан ортиқ қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизаси ўтказилган.

Шунингдек, Ф. Бакаева 100 дан ортиқ илмий мақолалар, бир қатор тўплам ва рисолалар муаллифи сифатида юридик илм-фан ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшган.

Атоқли юрист, фидойи ва оқкўнгил инсон – Фарида Бакаеванинг ёрқин хотираси унутилмайди, қалбларимизда яшаб қолади.

Устоз ҳуқуқшунос Фарида Бакаеванинг охиратлари обод бўлсин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти жамоаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech