Сенатда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 2 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистонда ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг юбилей 150-ассамблеясига тайёргарлик кўришга оид асосий масалалар ҳамда парламент ислоҳотлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳокама қилинди.

Ассамблеянинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўлиқ мос келадиган “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусининг тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон парламенти фаолиятининг ижобий жиҳатлари бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

М. Чунгонг Ўзбекистон парламентининг Парламентлараро иттифоқ билан самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизнинг Парламентлараро иттифоқ фаолиятига қўшаётган салмоқли ҳиссасини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар Тошкентда ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеяси халқаро парламентаризм тарихида муҳим воқеа бўлишига ва глобал муаммоларни ҳал қилишда парламентларнинг ролини кучайтиришига ишонч билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech