3 апрель куни Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида “Кибер кун – ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий технологиялар орқали реабилитация қилиш воситалари билан таъминлаш” мавзусида семинар-кўргазма бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар-кўргазма доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни инновацион техник воситалардан фойдаланган ҳолда реабилитация қилишнинг замонавий усуллари борасидаги илғор тажриба ва амалиёт атрофлича муҳокама қилинди. Унда тегишли давлат органларининг масъул ходимлари ва ногиронлиги бўлган шахслар жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов, “Моторика” МЧЖ савдо гуруҳи раҳбари Валерия Чемикос сўзга чиқди.
Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг замонавий технологияларга асосланган воситалари ва бу борадаги энг янги жиҳозлар билан танишдилар.
Семинар доирасида “Кибер Моторика” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация-техник воситалари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.04.2025
- Кўришлар: 581
- Чоп этиш