Миллий марказда Нидерландиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси билан учрашув

14 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Нидерландиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Вим Гиртс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда асосий эътибор икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий ва халқаро тажриба алмашиш масалаларига қаратилди. Шунингдек, истиқболдаги лойиҳалар юзасидан фикрлашилди, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Миллий марказ директори А.Саидов сўнгги саккиз йил давомида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарганини алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий жараёнлар билан бевосита боғлиқ. Илгари Марказий Осиё давлатлари мулоқотига ишончсизлик муҳити, чегара низолари, ичимлик сув танқислиги каби долзарб муаммолар халал берган бўлса, сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари ўзаро яқинлашиб, муаммоларни очиқ мулоқот ва ҳамкорлик асосида ҳал қилишга интилмоқда.

А.Саидов бу янгиланишлар ва ислоҳотлар ташаббускори сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси ва оқилона сиёсатига эътибор қаратди. Давлат раҳбари томонидан қўшни мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасини либераллаштириш, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Нидерландиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси В.Гиртс учрашув ташкил этилгани учун миннатдорлик изҳор этди. Томонлар ўртасидаги очиқ ва амалий мулоқот руҳини юқори баҳолади.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасидаги ҳолат ва ривожланиш жараёнларини, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тартибга солиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, суд тизимининг мустақиллиги ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ўзгаришларни муҳокама қилдилар. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда Нидерландия Қироллиги Элчиси Нико Схермерс, Нидерландия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Матс Якобс, Инсон ҳуқуқлари бўйича мувофиқлаштирувчи Амина Кусаинова иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова, Марказнинг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Иқбол Абдумажидов ва шу бўлим масъул ходимлари Аббосбек Набиев, Асилбек Миржалилов, Амирбек Ҳомидов қатнашди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech