БРЮССЕЛЬ, 18 апрель. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг оммабоп "Eureporter" электрон нашрида "Биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити: минтақалараро стратегик ҳамкорлик сари" cарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи тарихий саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги тадбирда Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари қатнашди", – дейилади мақола муқаддимасида.
Таъкидланганидек, саммитда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар долзарб халқаро ва минтақавий сиёсий воқеалар юзасидан фикр алмашдилар.
Бельгия электрон нашри Ўзбекистон Президенти саммитдаги нутқида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор янги ташаббусларни тақдим этганини қайд этган.
Муаллиф Самарқанддаги "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда бурилиш нуқтаси, деб аталгани бежиз эмаслигини урғулайди.
Шунингдек, "Eureporter" саммитнинг расмий тадбирларидан ташқари, давлат раҳбарлари биргаликда Орол маданият саммити кўргазмасига ташриф буюрганлари ҳақида ёзган. Кўргазмада Орол денгизи экотизимини тиклаш, минтақанинг маданий меросини сақлаш ва барқарор ривожланишга кўмаклашишга қаратилган ноёб ташаббуслар намойиш этилди.
"Шу куни саммитнинг юқори мартабали меҳмонлари Самарқанд иқлим форумининг Марказий Осиё олдида турган замонавий экологик муаммоларни ҳал қилишга бағишланган ялпи мажлисида ҳам иштирок этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари, БМТ вакиллари, халқаро молия институтлари ҳамда глобал ва миллий экологик ташкилотларнинг фаол иштироки уларнинг барқарор ривожланишнинг долзарб муаммоларига самарали ечим топишга интилишининг ёрқин намоёни бўлди", – деб ёзади муаллиф.
Нашрда саммит якунида Қўшма декларация қабул қилингани хабар қилинган.
"Қўшма декларация тинчлик, хавфсизлик ва демократия, тараққиёт ва фаровонлик, экологик барқарорлик, "яшил" иқтисодий ўсиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш каби бир қанча муҳим йўналишларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш мажбуриятини белгилайди. Шунингдек, унда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ҳамкорликнинг муайян йўналишлари бўйича эришган ютуқларига алоҳида тўхталиб ўтилган ва келажак учун режалар белгилаб берилган", – дейилган мақолада.
- Қўшилди: 18.04.2025
- Кўришлар: 261
- Чоп этиш