21 апрель куни Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари учун "Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш" мавзусида тренинг бошланди.
Ушбу икки кунлик машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи А.Карттунен, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчиси Э.Юрковски, қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, IPPF халқаро пенитенциар жамғармасининг МДҲ мамлакатлари бўйича вакили А.Шамбилов (Испания) сўзга чиқди.
Хусусан, академик А.Саидов Миллий марказ билан ЕХҲТ ўртасидаги кўп йиллик яқин ҳамкорликка урғу бериб, 2020-2024 йиллар давомида қийноқлар ва шафқатсиз муомала ҳолатларини самарали текшириш ва ҳужжатлаштириш бўйича 10 дан ортиқ ўқув семинари ўтказилганига эътиборни қаратди. Термиздаги ушбу тадбир БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллигини нишонлашга бағишланган чора-тадбирлар дастури доирасида ўтказилаётганини таъкидлади.
Тренингда асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази тиббиёт ходимларининг Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш соҳасидаги халқаро стандартлар тўғрисидаги хабардорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.04.2025
- Кўришлар: 160
- Чоп этиш