Келажакда ҳам китобнинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди

23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва

муаллифлик ҳуқуқи куни

 

Мамлакатимизда 2020-2024 йилларда нашриётлар сони 3,5 баробар ошиб, бугунги кунда салкам 600 тани ташкил этмоқда. Улар томонидан ҳар йили ўртача 11,6 минг номдаги, ўтган беш йилда эса жами 197,9 млн. нусхада адабиётлар чоп этилди.

Бу борада “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган матбаа ускуналари ва қоғоз хомашёси божхона божидан, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналари фойда солиғидан озод этилди.

Китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказида капитал-қурилиш ишлари амалга оширилиб, замонавий хизмат кўрсатиш талаблари асосида китобхонларга фойдаланиш учун топширилди. Жумладан, 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилди.

Янги Ўзбекистон том маънода китобхонлик даврига қадам қўйганидан далолат берадиган ушбу залворли далил ва рақамлар 2025 йил 21 апрель куни Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида V Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросимида маълум қилинди. Ҳафталик доирасида мамлакатимиз бўйича юзлаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Бу ўринда, авваламбор, Тошкент шаҳридаги “Dream park” истироҳат боғида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида “Ноширдан  китобхонга” тамойили асосида бўлиб ўтадиган китоб савдо-ярмаркалари ҳақида сўз бормоқда. Бундан ташқари, 25-26 апрель кунлари Ёзувчилар уюшмасининг “Паркент ижод уйи”да ташкил этиладиган ноширлар ва муаллифлар учрашувида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бундай кенг кўламни қамраган анъанавий китобхонлик байрами 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунига бағишланган бўлиб, юртимизда бешинчи марта ўтказилаётгани диққатга сазовор. Зеро, улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари сўзлари билан айтганда, “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.

 У зот замонасидан сўнг орадан қарийб тўққиз аср ўтгач, яъни 1995 йил 15 ноябрда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессияси қарорига мувофиқ, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилинган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг “Болалар ва ўсмирлар адабиётида бағрикенглик ғояларини тарғиб этганлик учун” номли мукофоти таъсис этилган.

Ушбу қарорнинг замирида, бир томондан, барча заминдошларимизни китоб мутолаасидан завқу шавқ олишга, иккинчи томондан, ўз асарлари билан инсониятнинг ижтимоий ва маданий тараққиётига бемисл ҳисса қўшган шоирлар ва ёзувчилар, драматурглар ва сценарийнавислар, олимлар ва мутафаккирлар – жами муаллифларга эҳтиром кўрсатишга жаҳоний даъват ўз мужассамини топган.

Бу ҳақда сўз борганда, ЮНЕСКО томонидан 1952 йили Женевада ташкил этилган конференцияда бутунжаҳон муаллифлик ҳуқуқи белгиси (©) амалиётга татбиқ этилгани улкан ютуқлардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни шу анжуманда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги бутунжаҳон конвенцияси ҳам қабул қилинган.

Шу тариқа 23 апрель — барча муаллифлар, ноширлар, устозлар, кутубхоначилар ва китоб оламига алоқадор касблар эгаларининг умуминсоний байрам кунига айланди. Худди шу санада дунёнинг кўплаб мамлакатларида китоб ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этиш анъана тусини олди.

Ҳозирги вақтда Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида миллионлаб инсонлар томонидан нишонланади. Сана муносабати билан турли уюшмалар ва касбий ташкилотлар, мактаблар ва олий ўқув юртлари, давлат муассасалари ва хусусий корхоналарда маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Ўтган даврда шу байрам туфайли Ер юзининг турли қитъаларида яшайдиган ва турли маданиятларга мансуб бўлган қанчадан-қанча инсонлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик туйғулари қарор топди ҳамда мустаҳкамланди. Муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳолати тубдан яхшиланди.

Башар аҳли китобнинг аҳамияти ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда. Яъни, китоб:

  • билимлар кони;

  • қадриятлар тимсоли;

  • маънавий мерос қўрғони;

  • цивилизациялараро мулоқот воситаси;

  • ранг-баранг маданиятлар кўзгуси;

  • моддий фаровонлик манбаи;

  • муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир.

Мазкур халқаро сана 1996 йилдан буён Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Жумладан, жорий йил 21–27 апрель кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилаётган V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган турли лойиҳалар, янги нашр этилган китоблар тақдимотлари, соҳадаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишга қаратилган семинарлар бўлиб ўтмоқда.

Ҳафталик дастуридан мамлакат миқёсидаги нашриётлар томонидан чоп этилган янги миллий ва хорижий китоблар тақдимоти, китобсеварлар учун турли маҳорат дарслари, мутолаа тадбирлари, ёзувчи ва адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва  бошқа қатор маънавий-маърифий, маданий анжуманлар ўрин олган.

Китоб ва китобхонлик, ижод ва ижодкорлик, маданият, маънавият ва маърифатни тарғиб этишга қаратилган ушбу муҳим халқаро сана мамлакатимизда ҳар йили алоҳида тадорик ва тантаналар билан кутиб олиниши бежиз эмас. Чунки:

китоб – бизга ҳаётни ўргатади;

китоб – ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади;

китоб – билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади;

китоб – инсонни маърифатга ошно этади;

китоб – дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади;

китоб – яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради.

Кейинги даврда мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтиришга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга катта эътибор берилаётгани давлатимиз раҳбари томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилгани мисолида яна бир бор яққол тасдиғини топди.

Шу ташаббусларнинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасида юртимизда китобхонлик клуби ташкил этилди, умумтаълим мактабларига юз минглаб нусхада китоблар совға қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари китобсиз, яъни илмсиз фаровон келажакка эришиб бўлмаслигига ўз вақтида эътибор қаратди. Шу асосда бир қатор қарорлар қабул қилинди ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Янада муҳими, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттита устувор йўналишдан бири маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида:

биринчидан, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш;

иккинчидан, китобхонликни кенг оммалаштириш;

учинчидан, “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш вазифалари белгилаб берилган.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 39-мақсади “Ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини кенг оммалаштириш, жамиятда китобхонликни ҳамда аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни ривожлантириш”, деб номланган. Айни мақсад ижобати йўлида “Ўзбек адабиёти хазинасидан” деб номланган кўп жилдлик китоблар мажмуасини чоп этишга аллақачон киришилди.

Шунингдек, Дастур талабларидан келиб чиқиб, бу борада:

  • «Рақамли кутубхона» тизими самарадорлигини ошириш, хусусан, айни тизимнинг китобларга буюртма бериш модулини жорий этиш;

  • Истеъдодли ёш ижодкорларнинг анъанавий “Зомин семинари” иштирокчиларининг биринчи китобларини кўп минг нусхада нашр қилиш;

  • Китобхонлик маданиятини ривожлантиришда китоб ўқувчи ёшларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида «Рақамли кутубхона» фойдаланувчилари учун онлайн китоб муҳокамаси клубларини ташкил этиш каби муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаевнинг қайд этишича, 2025 йилда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган 50 номда янги асарлар яратилади. Бундан ташқари бевосита Агентлик ташаббуси билан “Буюклар болалиги” номли ижтимоий буюртмалар лойиҳаси таъсис этилиб, унда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, мутафаккир ва адиблар, шоирларнинг болалиги ҳамда уларнинг шахс сифатидаги фазилатларини очиб берувчи янги бадиий асарларга буюртма берилган.

Бунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам соҳага оид бир қатор йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланганига эътибор қаратиш зарур, деб ўйлаймиз. Қарор ижроси доирасида ўтган беш йил давомида:

  • аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш;

  • нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш;

  • болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;

  • миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш;

  • мутолаа маданиятини юксалтириш;

  • олис ҳудудларда ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш каби йўналишларда эришилган муҳим натижалар жамиятимиз ва давлатимизнинг бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларини янги ва юқори босқичга кўтариш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.

Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади.

Мақоламизга америкалик машҳур адиб, илм-фан тарғиботчиси ва биокимёгар Айзек Азимовнинг: “Келажакда ҳам китобнинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди, худди ўтмишда эгаллай олмаганидек”, деган ҳикматли сўзлари билан якун ясашга жазм этдик.

Эътибор қилинг: айни фикрлар муаллифи бундан юз йилча илгари фантастика жанридаги илк ҳикоялари билан тилга тушган, кейинчалик бирин-кетин роботлар ҳақида довруқли асарлар ёзган, ҳатто робот техникасининг уч қонунини ишлаб чиққан, содда қилиб айтганда, келажакни олдиндан ёрқин тасаввур қилган ҳолда, қарийб 500 та адабий-бадиий ва илмий-оммабоп китоблар битган забардаст қаламкашдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech