22–23 май кунлари Навоий вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Икки кунлик мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилди.
Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 70 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларида қийноққа солишга қарши курашиш соҳасида билим ва амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилди.
Дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов видеомурожаатлари намойиш этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларни бутунлай истисно қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўқув курсининг биринчи куни:
-
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”;
-
Миллий марказ бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Фарход Ҳайитбоев “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”;
-
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” кафедраси ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Барно Кадирова “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”;
-
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Бобир Имомов “Қийноққа оид ишлари бўйича суд амалиёти”;
-
Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусидаги маърузаларини тақдим этди.
Амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Бунда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, турли кейслар устида ишладилар, қийноқларни аниқлаш ва ҳужжатлаштириш бўйича кўникмаларни ўзлаштирдилар.
Ўқув курсининг иккинчи куни:
-
Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи Алимжон Матчанов “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар” ҳамда “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши”;
-
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”,“Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзуларида маърузалар ва машғулотлар ўтказди.
Миллий марказ бўлим бошлиғи Фарход Ҳайитбоев эса Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши халқаро мажбуриятлари ва уларнинг бажарилиши бўйича ахборот берди.
Тингловчиларнинг назарий билимлари амалий машғулотлар билан чуқурлаштирилди, курс якунида билимларни баҳолаш мақсадида тест синови ташкил этилди. Синовни муваффақиятли топширган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай малака ошириш тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қийноқ ва инсон қадрини камситувчи ҳар қандай муомалага барҳам бериш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.05.2025
- Кўришлар: 656
- Чоп этиш