Парламентлараро Иттифоқ раҳбариятидан миннатдорчилик мактуби келди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов номига Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва Ташкилот президенти Тулиа Эксондан миннатдорчилик мактублари келди. Расмий хатлар яқинда Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилгани муносабати билан йўлланган.

Мактубларда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси Ўзбекистон пойтахтида том маънода муваффақиятли ўтказилгани алоҳида қайд этилган. Ушбу тадбир  Парламентлараро Иттифоқ фаолиятида ғоят муҳим тарихий воқеа бўлганлиги, хусусан, 150-Ассамблея якунида қабул қилинган Тошкент декларацияси ҳақиқатан ҳам юқори баҳога сазовор экани эътироф этилган.

Парламентлараро Иттифоқ бош котиби М. Чунгонг ва Ташкилот президенти Т. Эксон Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этганлиги ва Ассамблеянинг очилиш маросимида мазмунли табрик нутқи сўзлаганлигини юксак қадрлашларини билдирганлар.

А. Саидов номига битилган мактубда, жумладан: “Ассамблеяни Ўзбекистон ҳудудида ўтказиш ғояси пайдо бўлган пайтдан бошлаб, Сиз Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси вакилларини гўзал юртингизда илиқ кутиб олиш ва тадбирни муносиб тарзда ўтказишни таъминлаш учун тинмай меҳнат қилдингиз. Бу билан Парламентлараро Иттифоқ ҳам, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳам ҳақли равишда фахрланиши мумкин. Натижада ушбу ғоя ҳақиқатан ҳам тўлиқ рўёбга чиқди. Парламентлараро Иттифоқ делегатлари ва ходимларига кўрсатган самимий меҳмондўстлигингиз узоқ вақт ёдимизда сақланиб қолади”, деб қайд этилган.

Хатда Ассамблеяни ўтказиш ҳисобига кўплаб мазмунли натижаларга эришилгани учун ҳам улкан мамнуният изҳор этилган. Айниқса, “Парламентлараро Иттифоқнинг келгуси фаолияти учун муҳим асос бўладиган Тошкент декларациясини алоҳида таъкидлашни истардим. Шубҳасиз, бунга Сизнинг Парламентлараро Иттифоқ зиммасидаги вазифаларга бўлган чуқур ишончингиз ва биз сўнгги йилларда йўлга қўйган самарали ҳамкорлик туфайли эришилди”, деб ёзган М. Чунгонг.

Маълумки, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясини мамлакатимиз пойтахтида ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилаётган паллада академик А.Саидовнинг "Парламент йўллари: 2020-2023 йилларда Парламентлараро Иттифоқдаги овоз бериш солномаси" китоби нашр этилди. Китобда таниқли ўзбек ҳуқуқшуносининг Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси вице-президенти лавозимида ишлаган даври ҳақида сўз боради.

Парламентлараро Иттифоқ бош котиби ўз мактубида мазкур китобга ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамлигининг яна бир тасдиғи, деб баҳо берган.  М.Чунгонг китоб мамлакатда ва хорижда ҳам муносиб эътироф этилганига эътибор қаратар экан, айниқса, ушбу асарнинг Ассамблея доирасида тақдим этилгани беҳад мамнуният бахш этганини таъкидлайди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech