“ИЛМИЙ ЖУРНАЛЛАР ФАОЛИЯТИ: “ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ” ЖУРНАЛИ ТАЖРИБАСИ”

Жорий йилнинг 4 июнь куни “Инсон ҳуқуқлари уйи”да “Илмий журналлар фаолияти: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали тажрибаси” мавзусида амалий машғулот ўтказилди. “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг журналистика таълим йўналиши талабалари иштирок этди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулла Мўминов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг ташкил этилиши, унда тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари Азизбек Рамазонов талабалар билан амалий машғулот олиб борди. У журнал таҳририятининг асосий фаолият йўналишлари ҳақида маълумот бериш асносида талабалар билан илмий мақолага хос хусусиятлар, илмий мақолалар таҳрири тамойиллари ҳақида ҳам фикр алмашди. Айниқса, журналистиканинг мақсади ҳамда вазифалари, соҳадаги назарий ва амалий муаммолар, илмий журналлар фаолиятининг истиқболлари бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

– Журналистикада назарияни амалиёт билан уйғунлаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга, – деди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиси Нилуфар Намозова. – Шу маънода “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу амалий машғулот талабалар учун фойдали ва манфаатли бўлди. Таҳририят билан ҳамкорлик алоқаларини келгусида ҳам давом эттиришга келишиб олдик.

Маълумот учун: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали 1999 йилда таъсис этилган. У Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган. Журнал таҳририятининг ижодий жамоаси 2024 йилда “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлган.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech