Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази Ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти ва ижтимоий барқарорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Шу маънода, юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш учун 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси давлат сиёсатининг муҳим ва ўзига хос ҳужжати сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
Ўтган 2024 йилда мазкур Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни бажариш доирасида 13 та қонун, Президентнинг 15 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарори қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия бажарилиши мунтазам мониторинг қилиниб, Олий Мажлис палаталарига ижро ҳолати юзасидан 4 та таҳлилий маълумот юборилди. Шунингдек, ушбу маълумотлар ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига муҳокама қилиш учун тақдим этиб борилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё, Навоий, Фарғона, Хоразм вилоятлари кенгашлари йиғилишларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ижроси юзасидан муҳокамалар ўтказилди. Бу борада маҳаллий вакиллик органларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 2024 йилда Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган жами 6 та Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича изчил назорат амалга оширилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга жорий этишнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан ҳудудларда 11 та мониторинг ўтказилди.
Жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларининг Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бажарилиши устидан жамоатчилик мониторинги амалга оширилди. Шунингдек, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти қоидаларини бажарилиши бўйича Фарғона вилоятида мониторинг ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида 69 та қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Конституциявий суднинг 2024 йил 23 июлда бўлиб ўтган суд мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мурожаати бўйича “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида давлат органлари 4 минг 317 нафар ходимининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди. Хусусан:
-
қийноққа солишга қарши курашиш юзасидан 11 та ўқув курсида – 695 нафар терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар, жазони ижро этиш муассасалари ходими ва вилоят суди судьялари;
-
инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалалари бўйича 6 та ўқув курси, семинар ва тренингларда – 2 минг 582 нафар ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрлари, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол хотин-қизлари, жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлар судьялари;
-
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича 9 та семинар ва 2 та давра суҳбатида – 40 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотидан 360 нафар ҳамда 20 дан ортиқ давлат органидан 105 нафар вакил;
-
одам савдоси бўйича ўқув курси ва давра суҳбатида давлат ташкилотларининг 575 нафар ходими ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жараёнларига жалб этилди.
-
Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида халқаро норма ижодкорлиги фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган давлатлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилда ҳам юқори даражадаги саммитлар, халқаро минтақавий форумларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масаласига доир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
-
Ўзбекистон ташаббуси билан ўтган йилнинг ўзида БМТ доирасида, хусусан:
-
“2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили" (2024 йил 26 февраль);
-
“Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” (2024 йил 4 июнь);
-
“Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” (2024 йил 7 июнь);
-
“Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва бу жараёнларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” (2024 йил 13 август) резолюциялари қабул қилинди.
Ушбу резолюциялар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини ва ташаббускорлик салоҳиятини очиқ намоён этди. Улар глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиб, гиёҳвандликка қарши курашиш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби долзарб масалаларни ўз ичига олган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида 2024 йилда Ўзбекистон томонидан ҳаммуаллиф сифатида илгари сурилган 2 та резолюция қабул қилинди. Булардан бири – “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюцияси бўлса, иккинчиси – “Оилавий зўравонликни бартараф этиш” резолюциясидир.
Ўзбекистон томонидан 2024 йилда 8 та халқаро шартнома, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор конвенциялари ратификация қилинди. Шу тариқа Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари сони 25 тага етди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, шунингдек, БМТ таркибига кирувчи дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган 30 дан ортиқ тадбир ташкил этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб уй-жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 2024 йилнинг август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган йили, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус маърузачилари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан 18 та ҳужжат келиб тушди.
Женева шаҳрида 2024 йил 22 март куни бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида Универсал даврий ҳисобот бўйича Ўзбекистоннинг Тўртинчи даврий маърузаси тасдиқланди. Миллий марказ томонидан Махсус маърузачи ҳамда Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда 2024 йили инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Бундан ташқари, мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида ўз ривожланишининг янги босқичига кўтарилди ва ўтган йилда ҳам халқаро шартномалар тузиш ташаббускори сифатида халқаро нормаларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.
Ўз навбатида, 2025 йилда халқаро ҳамжамият томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80 йиллиги, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 60 йиллиги, Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги, шунингдек, ЕХҲТнинг Хельсинки якуний актининг 50 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган мақсад:
-
янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича конституциявий нормаларни рўёбга чиқариш;
-
инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини янада самарали амалга ошириш;
-
Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлаш, жумладан, мамлакатимизнинг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига эришишдир.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 05.06.2025
- Кўришлар: 251
- Чоп этиш