Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга қандай риоя қилмоқда?

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиниши ҳолати тўғрисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълумот берди:

– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган ислоҳотлар давом этмоқда. Бу борада  ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш учун 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Бу давлат сиёсатининг муҳим ва ўзига хос ҳужжати сифатида алоҳида аҳамият касб этди.

2024 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия бажарилиши мунтазам мониторинг қилиниб, Олий Мажлис палаталарига ижро ҳолати юзасидан 4 таҳлилий маълумот юборилди. Шунингдек, ушбу маълумотлар ҳар чоракда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига муҳокама қилиш учун тақдим этиб борилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё, Навоий, Фарғона, Хоразм вилоятлари кенгашлари йиғилишларида Стратегия ижроси юзасидан муҳокамалар ўтказилди. 

БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 2024 йилда Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган 6 та Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича изчил назорат амалга оширилди. 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга жорий этишнинг самарадорлигини таъминлаш юзасидан ҳудудларда 11 марта мониторинг ўтказилди. 

Жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларининг Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бажарилиши устидан жамоатчилик мониторинги амалга оширилди. БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти қоидалари бажарилиши бўйича Фарғона вилоятида мониторинг ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида 69 қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. 

Конституциявий суднинг 2024 йил 23 июлда бўлиб ўтган суд мажлисида Миллий марказнинг мурожаати бўйича “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида давлат органларининг 4 минг 317 нафар ходими инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмалари оширилди. 

Ўзбекистон ташаббуси билан ўтган йилнинг ўзида БМТ доирасида 4 та, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида 2 та резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюциялар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини ва ташаббускорлик салоҳиятини очиқ намоён этди. 

Ўзбекистон томонидан 2024 йилда 8 та халқаро шартнома, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор конвенциялари ратификация қилинди. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, шунингдек, БМТ таркибига кирувчи дастурлар, жамғармалар ва ихтисослаштирилган муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган 30 дан ортиқ тадбир ташкил этилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб уй-жой масалалари бўйича махсус маърузачиси (Балакришнан Ражагопал)  2024 йилнинг август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Ўтган йили, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус маърузачилари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан 18 ҳужжат келиб тушди. 

Женева шаҳрида 2024 йил 22 март куни бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида Универсал даврий ҳисобот бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи даврий маърузаси тасдиқланди. Миллий марказ томонидан Махсус маърузачи ҳамда Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”лари тайёрланди.

Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Бундан кўзланган мақсад янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича конституциявий нормаларни рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини янада самарали амалга оширишдан иборат. 

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech