Улан-Батордаги Давлат саройида "БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари билан парламент ҳамкорлигини мустаҳкамлаш: Универсал даврий шарҳ ва Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш – эътибор марказида" мавзусида миллий семинар бўлиб ўтди.
Анжуман Парламентлараро иттифоқ ва Мўғулистон Буюк давлат хурали томонидан ташкил этилди.
Семинар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди. Ўзбекистон вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Женевадаги 144-сессиясида параллел иштирок этаётгани муносабати билан Улан-Батордаги миллий семинарда видеомурожаат орқали сўзга чиқди.
Профессор А.Саидов БМТ доирасидаги Универсал даврий шарҳ ва Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмларида Ўзбекистон парламенти иштирокини таъминлаш борасидаги амалий тажрибани – миллий маърузаларни тайёрлашдан тортиб, уларнинг бажарилишини назорат қилишгача бўлган кейинги барча босқичларигача батафсил баён қилди.
Ўзбекистон парламенти вазирликлар, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича институтлар иштирокида ҳисоботларни шакллантириш, парламент эшитувларини ўтказиш, шунингдек, тавсияларни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш борасида етакчи роль ўйнашини таъкидлади.
А.Саидов, шунингдек, халқаро стандартларни миллий ҳуқуқ тизимларига самарали жорий этиш учун парламентлараро ҳамкорлик, мамлакатлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди.
Тадбирда Мўғулистон парламенти аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар вакиллари ва мустақил экспертлар қатнашди. Семинар давомида Мўғулистоннинг 2025 йилда Универсал даврий шарҳ бўйича миллий ҳисоботини тайёрлаш, Хотин-қизларга нисбатан камситишни бартараф этиш қўмитаси тавсияларини амалга оширишда мамлакат парламенти иштирокини кучайтириш, шунингдек, гендер тенгликни илгари суриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Улан-Батордаги семинарда Ўзбекистон томонининг юқори даражадаги иштироки Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдонда инсон ҳуқуқлари соҳасида очиқлик, мулоқот ва амалий ҳамкорлик тамойилларига содиқлигининг тасдиғидир.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 25.06.2025
- Кўришлар: 165
- Чоп этиш