27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот
воситалари ходимлари куни
“Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз. Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади”.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида шундай деб таъкидлади. Бу фикрлар давлатимиз раҳбарининг 2024 йилдаги табригида келтирилган мана ушбу даъватни, бир томондан, тўлдирса, иккинчи томондан, тўла тасдиқламоқда: “...бугунги кунда ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиа саводхонлигини оширишни олдимизга кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб қўймоқда. Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт”.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу анъанавий мурожаатлари билан БМТ Бош котибининг Ўзбекистонда ҳар йили 27 июнда нишонланадиган – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида, яъни ўтган йили 24 июнь куни бўлиб ўтган “БМТнинг Ахборот соҳасида виждонан ёндашув бўйича глобал принциплари” тақдимотида янграган баёноти ўртасида ўзига хос рамзий маъно бор, назаримизда.
Чунки Бош котиб Антониу Гутерришнинг таъкидлашича ҳам, Интернет орқали нафрат ва ёлғон тўла ахборотлар бу қадар ўйловсизлик билан тарқатилаётганига дунё аҳли ўз муносабатини билдириши керак. Шу маънода, “БМТнинг Ахборот соҳасида виждонан ёндашув бўйича глобал принциплари”ни халқаро ҳамжамиятнинг айни муаммоларга долзарб жавоби, деб баҳолаш ўринлидир.
БМТнинг мазкур ҳужжатида қуйидаги 5 та принцип қайд этилган:
биринчи принцип – жамоатчилик ишончи ва барқарорлик;
иккинчи принцип – мустақил, эркин ва плюралистик оммавий ахборот воситалари;
учинчи принцип – соғлом рағбатлантириш;
тўртинчи принцип – шаффофлик ва тадқиқотлар;
бешинчи принцип – жамоатчилик имкониятларини кенгайтириш.
Ушбу принциплар, Бош котиб таъбири билан айтганда, ахборот соҳаси экотизимига имкон қадар кўпроқ инсонпарварлик қиёфасини бахш этишда муҳим аҳамият касб этади. Зотан, дезинформация – ёлғон ахборот тарқатиш, адоват ва нафрат қўзғашга қаратилган фаолият турли низоларга туртки бермоқда, демократия ва инсон ҳуқуқларига таҳдид солмоқда.
Интернет орқали нафрат ва ёлғон тўла ахборотларнинг тарқатилиши, шунингдек, халқаро ҳамжамият аъзоларининг жамоатчилик соғлигини сақлаш соҳасидаги ва иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини барбод қилмоқда. Айниқса, оммабоп сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётгани ёлғон ва нафрат руҳидаги ахборот тарқатишни янада осонлаштирмоқда.
А.Гутерришнинг фикрича, БМТнинг Ахборот соҳасида виждонан ёндашув бўйича глобал принциплари инсонларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш борасида қўл келади. Бинобарин, "миллиардлаб одамлар уйдирма, бўҳтон ва алдоқларга дучор бўлаётган айни бир пайтда инсон ҳуқуқларига асосланган ушбу принциплар, жумладан, сўз эркинлиги ҳуқуқи олға юришимиз учун аниқ-тиниқ йўлни кўрсатиб беради", дея қўшимча қилди у.
Давлатимиз ва жамиятимизнинг бу борадаги ёндашуви ҳам айнан шундай: сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.
Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлида дадил қадамлар қўйилди. Глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги янгиланиш жараёнларини ёритиш, эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишда журналистларнинг хизматлари катта бўлмоқда.
Юртимизда замонавий медиа тармоқлари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимли йўлга қўйилган. Ҳамкасбларимиз ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида самарали фаолият кўрсатиб, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётгани жамиятимиз ва давлатимиз томонидан муносиб қадрланмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, албатта, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилмоқда.
Халқимиз 2023 йилги референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда сўз ва ахборот эркинлиги учта йўналишда: биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида ҳар томонлама кафолатланди.
Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:
“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”.
Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.
Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.
Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.
Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.
Шундай экан, ахборотни, жумладан, Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, Асосий Қонунимиз 33-моддасининг охирги бандига барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этадиган мана бу нормалар киритилгани бежиз эмас:
“Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.
Ўзбекистон Конституциясида қайд этилган айни талабларнинг нечоғлик долзарб, ҳаққоний ва ҳаётий экани 2023 йил 12 июнь куни БМТ қароргоҳида рақамли платформаларда тарқатилаётган ахборотларнинг ахлоқий мазмунига оид янги маълумотларни муҳокама этиш асносида яққол тасдиғини топди. Гап шундаки, 142 мамлакатда ўтказилган сўров натижаларига кўра, бутун дунёдаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар мунтазам фойдаланувчиларининг 59 фоизи рақамли маконда дезинформация тарқалаётганидан ташвиш билдирган.
Ўз навбатида, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2023 йил 15 июнь куни Бағрикенглик, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Резолюцияни қабул қилган Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 та давлат нафрат ва дезинформация, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиладиган зўравонликлардан чуқур ташвиш билдирди. Ҳужжат барча халқаро ва минтақавий ташкилотларни ирқи, миллати, жинси, дини ва тилига кўра камситиш оқибатида юзага келадиган зўравонлик, нафрат, экстремизмни очиқ қоралашга чақиради.
Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, бугунги рақамлаштириш замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигига оид янги нормаларни мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:
“Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.
Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.
Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши даркор.
Энг муҳими, эндиликда Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос:
бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса;
бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди. Яъни, ошкорлик том маънода таъминланади.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини таъминлаш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун ҳуқуқий замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.
Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди.
Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:
“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ иш олиб борадилар.
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.
Ушбу нормалардан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.
Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Конституциянинг 82-моддасида мана бу нормалар мустаҳкамланган:
“Цензурага йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституциямизда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб, оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, ушбу нормалар оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди. Янада муҳими, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.
Ҳеч шубҳасиз, сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги – инсоннинг асосий ҳуқуқларидандир. Матбуот эркинлиги – демократия ва адолатнинг тамал тоши. Cўнгги йилларда бутун жаҳон кўламида Интернет орқали ёлғон ахборот тарқатиш, адоват ва нафрат қўзғашга қаратилган номақбул фаолият турли низоларга туртки берётган, демократия ва инсон ҳуқуқларига таҳдид солаётган мураккаб шароитда сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги Янги Ўзбекистоннинг сифат кўрсаткичларидан бирига айланиб бормоқда.
Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сўз эркинлигини, тақдим этиладиган ахборотларнинг тўғрилиги, холислиги ва инсон ҳуқуқларига хилоф эмаслигини тўла таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситалари ижтимоий масъулиятни теран англаши зарурлигини ҳам тақозо этади.
Хулоса ўрнида шуни ҳам таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон шароитида мамлакатимиз медиа маконига илғор лойиҳа ва технологиялар, янгича мулкий муносабатлар жадал кириб келмоқда. Юртимизда фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситасининг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизнинг медиа соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 27.06.2025
- Кўришлар: 426
- Чоп этиш