Тошкент шаҳрида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия томонидан Халқаро миграция ташкилоти ва БМТнинг Миграция агентлиги билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашда глобал чақириқлар: жамиятнинг роли ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган ушбу анжуманда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлардан 110 дан ортиқ мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Раҳматуллаев ҳамда Халқаро миграция ташкилоти/БМТ Миграция агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эндрю Грей расман очиб берди.
Бугунги глобаллашув шароитида одам савдоси жинояти нафақат айрим шахслар, балки бутун жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солаётгани, дунё бўйича ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдосининг қурбонига айланаётгани ва рақамлар ошиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда ушбу иллатга қарши курашиш борасида ҳам ҳуқуқий, ҳам ташкилий жиҳатдан тизимли равишда салмоқли ишлар амалга ошириб келинаётгани қайд этилди.
Хусусан, “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди, одам савдосига оид жиноятлар, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Миллий даражада одам савдосидан жабрланган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тизими жорий этилди, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди ҳамда ижро этилмоқда.
Мазкур соҳада эришилган ютуқларда халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ Миграция агентлигининг ҳам ҳиссаси борлиги, келгусида ҳам янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Конференция доирасида “Одам савдоси: замонавий таҳдидлар ва тенденциялар”, “Одам савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни”, “Одам савдосига қарши курашиш ва жабрланувчиларни ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти” мавзуларида сессиялар ўтказилди.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар томонидан бугунги кунда рақамли муҳитнинг одам савдоси шаклларига таъсири ортиб бораётгани, ушбу иллатга қарши курашишда трансчегаравий мувофиқлаштиришнинг зарурлиги, одам савдосидан жабрланувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда нодавлат ташкилотларининг роли муҳим эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги миллий ютуқлар сарҳисоб қилиниши билан бир қаторда, илғор хорижий тажриба билан ўртоқлашилди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2025
- Кўришлар: 331
- Чоп этиш