15-16 сентябрь кунлари Фарғона вилояти марказида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди. Икки кунлик тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилди.
Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 170 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди. Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очар экан, мамлакатимизда қийноқларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлиги ҳақида атрофлича тўхталди. Акмал Саидов қайд этганидек, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш барча давлат органлари учун устувор вазифадир.
Ўзбекистон БМТнинг Қийноққа қарши конвенциясига қўшилгани ва унинг талабларини бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, ички ишлар, прокуратура ва суд органларида ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилаётгани, жазони ижро этиш муассасаларида эса жамоатчилик ва омбудсман мониторинглари кенгайтирилгани таъкидланди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури орқали ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат идораларида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, қийноқ ҳолатларини мутлақо истисно қилиш каби вазифалар Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари эканига урғу берилди. Акмал Саидов таъбири билан айтганда, “Қийноққа қарши кураш – бу фақат юридик ёки ҳуқуқий вазифа эмас. Бу – инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган маънавий ва ахлоқий мажбуриятдир. Ҳар бир ходим фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда шахсан масъул ҳисобланади”.
Ўқув курсининг биринчи кунида иштирокчилар қатор маърузаларни тинглади. Хусусан, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов миллий гвардия тизимида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқ ҳолатларига йўл қўймаслик масаласига эътибор қаратди.
Шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи Луқмонжон Исоқов қийноқ билан боғлиқ қилмишларнинг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши ҳақида маъруза қилди. Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди раиси Абдурасул Миножиддинов қийноққа оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида фикр билдирди. Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Қувонч Қодиров “Нельсон Мандела қоидалари”нинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
Биринчи кун доирасида амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда турли кейслар устида ишладилар ва қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирдилар.
Курснинг иккинчи куни қизғин маърузалар билан давом этди. Дастлаб Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи Алимжон Матчанов қийноққа қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар, шунингдек, камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш ва қийноқ ҳақида хабар беришга оид халқаро меъёрларнинг Ўзбекистон жиноий-ҳуқуқий тизимида қўлланилиши ҳақида маъруза қилди. Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти кафедра мудири Меҳмонали Сувонқулов ушлаб туриш ва қамоққа олиш жараёнларига оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари ҳамда қийноқ жинояти учун жавобгарлик масалалари юзасидан чиқиш қилди.
Бундан ташқари, халқаро эксперт Азамат Шамбилов “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги онлайн маърузасини тақдим этди. Миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши халқаро мажбуриятлари йўналишдаги барча ишлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган Миллий таълим дастури билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Мазкур дастур орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш, уларда қийноқ ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Курс давомида назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилди. Ўқув курси якунида тингловчилар билимларини баҳолаш мақсадида тест синовидан ўтдилар. Имтиҳонни муваффақиятли топширган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай малака ошириш тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қийноқ ва инсон қадрини камситувчи ҳар қандай муомалага барҳам бериш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.09.2025
- Кўришлар: 114
- Чоп этиш