Мамлакатда рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари белгиланди

Президентнинг «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (ПҚ–286-сон, 16.09.2025) қарори қабул қилинди.

Қарор «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, шунингдек, давлат органлари ва иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг фаолиятини рақамли трансформациялаш, кўрсатилаётган электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, ҳудудларда рақамли технологияларни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан «Рақамли ҳукумат» тизимини 2025–2026 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • «Рақамли ҳукумат» дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70 фоизга етказиш ҳамда маҳаллаларда 30 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш;
  • ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, 66 минг км оптик толали алоқа линиясини ўтказиш, 2 284 та таянч станцияни ишга тушириш, 100 дан ортиқ ахборот тизимини жорий этиш;
  • аҳоли ва тадбиркорлар учун 100 дан ортиқ электрон хизматларни жорий этиш, шу жумладан, 10 турдаги давлат хизматини проактив ва композит шаклга ўтказиш, 19 та ҳаётий вазиятда фуқароларга автоматик тарзда хабар юбориш.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб киберхавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталида пулли электрон давлат хизматларини тақдим этиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларига «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб эса фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллаларда оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш, аҳоли билан ишлаш жараёнлари «Рақамли маҳалла» платформаси орқали амалга оширилади.

Маҳалла ва манзилларни юритишда ягона ёндашув жорий этилади. Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида 2025 йил 15 октябрга қадар маҳалла фуқаролари йиғинининг ягона идентификатори сифатида кадастр рақамини қўллаган ҳолда «Рақамли ҳукумат» тизимининг Маҳаллаларнинг марказлашган реестри ишга туширилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Маҳаллаларнинг марказлашган реестри давлат органлари ва ташкилотларининг «Рақамли ҳукумат» тизими билан интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурсларида мажбурий тарзда қўлланилиши белгиланмоқда.

Кадастр агентлиги 2026 йил 31 декабрга қадар кўчмас мулк объектларининг барча маълумотларини «UZKAD» ахборот тизимига ўтказилишини, шунингдек, геодезия координталарига (WGS-84) боғланган ягона давлат манзил реестрининг шакллантирилиши белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида 2026 йил 1 майдан бошлаб ногиронликни белгилаш (болаликдан ногиронлиги бўлган, I ва II гуруҳ ногиронлари) бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.

Шунингдек, 2026 йил якунига қадар «Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси»га интеграциялашган, тиббий кўрик жараёнида шифокор нутқини автоматик равишда баёнлаштирувчи овозли ёрдамчи ҳамда беморларга ташхис қўйишда шифокорга кўмаклашувчи сунъий интеллект технологияларига асосланган «Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси» дастури ишга туширилади.

Таълим соҳасида 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида давлат хизматларини Ягона портал орқали кўрсатиш йўлга қўйилади.

Сув хўжалиги соҳасида 2025 йил 1 ноябрдан фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектларига сув тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар «Сув ҳисоби» сув ресурсларини бошқариш ягона тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб транспорт воситасига газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

2026 йил 1 январдан бошлаб Ягона портал орқали чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича бир йилгача бўлган муддатга вақтинча рўйхатга олиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар таълим, соғлиқни сақлаш ва суғурта соҳаларида маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини жорий этади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 декабрга қадар, жумладан, қуйидаги имкониятларга эга «Рақамли ҳукумат» тизимининг «OASIS» (Ўзбекистон ахборот системаларининг интеграцион сервиси) ягона рақамли платформасини ишлаб чиқилади.

Бу орқали:

  • давлат ахборот тизимларини яратиш ва ривожлантиришда ягона технологик ёндашув таъминланади;
  • модулларга асосланган технологиялар ёрдамида ахборот тизимларини яратиш жараёнлари мақбуллаштирилади;
  • давлат ахборот тизимларининг мослашувчанлиги, хавфсизлиги ва самарадорлиги оширилади.

2025 йил 1 ноябрдан «Рақамли стартаплар» дастури ва Марказий банкнинг «тартибга солиш қумдони»да иштирок этувчи лойиҳаларга «Рақамли ҳукумат» тизимининг Рақамли маълумотлар платформасидан ахборот хавфсизлиги талаблари ва белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда бир йил муддатга қадар бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Шунингдек, хориждаги дипломатик ваколатхоналар (консуллик) Ўзбекистон консулликлари орқали IT Park резидентлари мутахассисларига масофадан туриб банк ҳисобварақлари ва онлайн банк карталарини очишга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олган IT Park резидентларининг хорижий мутахассислари учун масофадан туриб банк ҳисобварақлари ҳамда онлайн банк карталарини очишга рухсат берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб IT Park резидентларига қуйидагиларга рухсат этилади:

  • реклама хизматлари ва дастурий таъминотдан фойдаланишга бўлган обуналар учун корпоратив банк карталари орқали тўловларни календарь йил давомида экспорт тушумлари доирасида, бироқ 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда амалга ошириш. Бунда:
  • реклама Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга ахборот ресурслари ва тизимлари (шу жумладан, веб-сайтлар, платформалараро ресурслар, мессенджерлар ва ижтимоий тармоқлар)да жойлаштирилиши талаб этилади;
  • реклама хизматлари ва дастурий таъминотдан фойдаланиш обунаси бўйича оммавий оферта ва инвойслар, шунингдек, тоʼловлар тоʼгʼрисидаги маълумотлар «Э-cонтраcт» ташқи савдо ахборот тизимига киритилади.
  • умумий суммаси 5 минг АҚШ долларигача бўлган оммавий оферта, инвойс ва тўловлар тўғрисидаги маълумотлар «Э-cонтраcт» ташқи савдо ахборот тизимига киритилиши талаб этилмайди ҳамда ушбу харажатлар дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, яратган дастурий маҳсулоти обунаси учун хорижий давлатлардан келиб тушадиган тўловларни «Э-cонтраcт» ташқи савдо ахборот тизимига киритмаган ҳолда оммавий оферта орқали қабул қилиш мумкин бўлади.

 

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти» 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech