Бугун, 21 октябрь куни, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да Давлат тили қабул қилинган кун муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда докторантлар ва Миллий марказ ходимлари иштирок этдилар. Суҳбатнинг асосий мақсади — она тилига бўлган ҳурматни юксалтириш, унинг ижтимоий ва маънавий аҳамиятини ёритиш ҳамда давлат тилининг жамият тараққиётидаги ўрнини яна бир бор эътироф этишдан иборат бўлди.
Давра суҳбати Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулла Мўминов ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоевнинг кириш сўзи билан бошланди. Улар ўз нутқларида она тили ҳар бир миллатнинг фахри ва маънавий қадрияти эканини таъкидлаб, давлат тилини ривожлантириш ва муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини қайд этиб, давлат тили бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Азизбек Рамазонов ҳам тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб, она тили ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди ва бир қатор шеърий сатрлар билан ўзбек адабиётининг йирик намояндалари бўлган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари, Э. Воҳидов, А. Орипов ижодидан парчалар келтириб, давра суҳбатимизнинг бадиий қисмининг кўтаринки руҳда ўтишини таъминладилар.
Мазкур маънавий-маърифий тадбирда Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси Дилдора Раҳмонова ҳам она тилига бағишланган, Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Она тилим” шеърни ифодали тарзда иштирокчиларга етказди.
Давра суҳбати самимий ва илҳомлантирувчи руҳда ўтди. Тадбир иштирокчилари она тилига бўлган муҳаббат ва садоқатни янада мустаҳкамлаш, ёш авлод онгида тил маданиятини ошириш зарурлигини таъкидладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази касаба
уюшмаси қўмитаси
- Қўшилди: 21.10.2025
- Кўришлар: 346
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский