Жамоат транспорт соҳа вакилларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги тушунтирилди

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлари билан биргаликда “Жамоат транспорт соҳа вакилларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида семинар ташкил этилди. Жамоат транспорти ҳайдовчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларидан хабардор бўлиши ва уларни қўллаб-қувватлаши муҳим ҳисобланади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси иштирокида ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳридаги 8-автобус парки ҳайдовчилари қатнашди.

Семинарда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишга оид ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини таъминлаш борасида ҳайдовчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши ва ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун амалий кўмак бўлиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими етакчи мутахассиси Мухрумбоев Адхам, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари Исаков Ойбек, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг стратегик масалалари бўйича мутахассиси Абдухакимов Абдулла, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раҳбари ўринбосари Абдурахмонов Фарход ўзларининг маърузаларини тақдим этишди.

Ўзбекистон Республикаси 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, шу жумладан, “тўсиқсиз муҳит” тамойилини жорий қилиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Муҳокамалар чоғида асосий эътибор транспорт воситалари ва инфратузилманинг жисмоний жиҳатдан қулайлигини яхшилаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишини осонлаштириш учун пандуслар, лифтлар ва бошқа мослаштирилган технологиялар билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Ногиронлар аравачасидаги инсонларга жамоат транспортига тўсиқсиз, мустақил кириб-чиқиш учун янада қулай имкониятлар яратишнинг замонавий инновацион тизимлари кўриб чиқилди.

Экспертлар бу борада қулайлик яратишга оид жорий халқаро андозалар ва уларни миллий шароитларга мослаштириш йўллари ҳақида фикр юритишди. Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат транспорти инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишига оид турли мамлакатларнинг ибратли амалиёти ва бир қатор илғор тажрибалар тақдим этилди.

Мулоқот асносида, шунингдек, транспорт тармоқлари ва транспорт воситаларини лойиҳалаш босқичидан бошлаб тўсиқсиз майдонни яратиш лозимлиги қайд этилди. Мутахассисларнинг фикрича, бундан буён барча янги лойиҳаларни пандус, кенг эшик ва махсус лифт каби қулай ечимларни кўзда тутган ҳолда тайёрлаш жуда муҳим.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди. Бу ўринда, жумладан, бугунги жамоат транспортида мавжуд овозли огоҳлантириш ва тактил ахборотга эга электрон ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳақида сўз бормоқда.

Табиийки, бу соҳадаги ишларни яхшилашда қонунчилик ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти катта. Шунинг учун тегишли давлат органлари соҳага оид норма ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда уларга амал қилиш жараёнларини қатъий назоратга олгани маъқул.

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам берадиган ва малакали хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитишга қаратилган ташаббусларни ҳар доим қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирдилар. Бундай ўқувлар сирасига, жумладан, транспорт воситаларига чиқиш-тушиш пайтида, шунингдек, махсус кўмак талаб қилинадиган ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга астойдил ёрдам беришни ўргатиш бўйича мунтазам тренинглар ҳам киритилиши мақсадга мувофиқдир.

Муҳокамалар якунида ушбу мақсадларга эришиш учун барча манфаатдор томонлар – давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди. Тўсиқсиз муҳит яратишда халқаро ва тармоқлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёсдир.

Тадбир давомида кўриб чиқилган масалалар юзасидан берилган тавсияларни амалга оширишга масъулият билан ёндашиш, шубҳасиз, янада инклюзив ва қулай жамият сари муваффақият билан қадам ташашимизнинг калити бўлади. Шу маънода, семинар иштирокчилари ўз касбий масъулияти ва ваколатлари доирасида ўзлаштирган билимларини амалиётга самарали татбиқ этишга ҳамда бундай фойдали ва очиқ мулоқотларда келгусида ҳам фаол иштирок этишга шайлигини билдирганлари диққатга лойиқ.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech