Давлат байроғи – миллат ғурури

 2025 йил 17 ноябрь куни пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 91-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактабида  “Давлат байроғи – миллат ғурури!” мавзусида учрашув ташкил этилди.  Тадбир Ўзбекистон   Республикаси Конституцияси  қабул қилинганининг 33 йиллиги ҳамда 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилди. Ушбу маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва 91-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Мазкур тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик А.Х.Саидов, Миллий марказ бўлим бошлиқлари Ф.Хайитбоев, Ў.Очилов, Ҳ.Мўминов, шунингдек, туман прокурор ёрдамчиси Ж.Марданов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Д.Мустафаевалар ҳамда бир гуруҳ ўқитувчи-педагоглар ва 100дан ортиқ мактаб ўқувчилари иштирок этди.

 Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор, академик Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, давлат рамзларимиз қабул қилинган тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида ўз хотиралари ва ҳаяжонли дақиқаларини ўқувчилар билан бўлишди.

Қолаверса, академик А.Саидов давлат байроғининг қабул қилиниши жараёнлари, унинг мазмун-моҳияти ҳамда давлат рамзларига бўлган ҳурмат ҳар бир фуқаро учун шарафли бурч эканини алоҳида таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Ў.Очилов давлатнинг асосий рамзларидан бири бўлган байроқ тўғрисида маъруза қилиб, мовий осмон бағрида ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғи — бу шунчаки мато эмас, балки аждодлар орзуси, бугуннинг ишончи ва эртанги куннинг порлоқ умиди эканлигини, унинг ҳар бир ранги, ҳар бир чизиғи халқимизнинг тарихи, қадрияти ва мустақиллик руҳи билан суғорилганлигини таъкидлади.

Тадбир очиқ мулоқот, савол-жавоб ва фикр алмашув тарзида, ўқувчи-ёшларнинг фаол иштирокида ўтди. Улар мавзуга доир ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита мутахассислар томонидан батафсил жавоб олдилар.

Бундан ташқари, тадбирда ўқувчилар учун юридик адабиётлар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, Инсон ҳуқуқлари  бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган 70га яқин юридик адабиётларни мактаб кутубхонасига туҳфа этилди.

Учрашув мактаб жамоаси ва ўқувчилар учун катта илҳом манбаи бўлди. Тадбир кўтаринки руҳда, янги ғоялар ва ёрқин таассуротларга бой тарзда бўлиб ўтди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech