Энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилади

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси давом этмоқда.

– Кўряпсизлар, шиддат билан ўзгараётган дунёда гиёҳвандлик хавфи аҳоли генофонди учун энг катта таҳдидга айланиб бормоқда. Афсуски, бугунги глобаллашув даврида бундай хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти, – деди Президентимиз.  

Наркотик савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса жиноятларни аниқлашда янги усулларни қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилмоқда.  

Яқинда ушбу масала бўйича Миллий дастур қабул қилинди. Энди наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.  

– Юртимиздаги ҳар бир бола, ҳар бир ёш – бизнинг фарзандимиз, уларни гиёҳвандлик чангалига ташлаб қўйишга асло йўл қўймаймиз!  

Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз!

Бу – Президентнинг топшириғи! Бу – ота-оналарнинг хоҳиш-истаги! Бу – жамиятнинг талаби!, – деди Президентимиз.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech