Миллий марказда Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув
23 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов Венгриянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Й. Рожа билан учрашди. Музокараларда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари ва академик таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилишга қаратилди.
Суҳбат давомида томонлар 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар тўғрисидаги асосий халқаро пактлари қабул қилинганининг 60 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумига тайёргарлик кўриш хусусида атрофлича сўз юритдилар.
А. Саидов Асосий ҳуқуқлар бўйича вакил И. Юхас раҳбарлигидаги Венгрия делегациясини Форумда иштирок этишга расман таклиф этди. Томонлар Самарқанд форуми глобал мулоқот учун самарали майдон сифатида ўзини кўрсатганини, зиддиятларни бугунги куннинг долзарб муаммоларини конструктив муҳокама қилиш билан алмаштириш имконини беришини эътироф этдилар.
Бундан ташқари, томонлар академик таълим алоқаларининг юқори даражасини таъкидлаб, икки давлат ҳуқуқшунослик жамоалари ва илмий доиралари ўртасидаги тажриба алмашувини янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирдилар. Бу йўналишда мавжуд ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкам амалиётидан фойдаланиш ҳақида келишиб олинди.
Шунингдек, 2026 йил апрель ойида Венгрияда бўлиб ўтадиган парламент сайлови муносабати билан сайлов ҳамкорлиги масалалари муҳокама этилди. Венгрия Элчиси ўзбекистонлик парламент аъзолари ва мутахассисларнинг Будапештдаги сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишига қизиқиш билдирди.
Ташриф доирасида ҳуқуқий тажриба алмашиш мақсадида Венгрия Конституциявий суди раҳбарияти билан ишчи учрашув ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
Миллий марказдаги учрашув қизғин ва конструктив руҳда ўтди. Мулоқотлар асносида барча истиқболли ташаббусларни ўзаро ишонч ва миллий манфаатларга ҳурмат руҳида амалга оширишга интилиш мавжудлиги ўз тасдиғини топди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский