Ўзбекистон делегацияси БМТнинг кекса ёшдаги аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича давра суҳбатида иштирок этди

2026 йил март ойида Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «Барча кекса ёшдаги аёллар учун гендер тенглигига эришиш ва ҳуқуқ ҳамда имкониятларни кенгайтириш» мавзусида вазирлар даражасидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Делегация таркибига Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда фаолият юритувчи аъзо Г. Маруфова, Олий суд раисининг ўринбосари М. Қаландарова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари М. Нурматова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг ўринбосари Д.Муратова кирди.

Мазкур тадбир кекса ёшдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатли ижтимоий ҳамда ҳуқуқий сиёсатни илгари суриш бўйича глобал ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлди.

Давра суҳбати чоғида иштирокчилар кекса ёшдаги аёллар олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама қилдилар. Жумладан, ёшга оид дискриминация, соғлиқни сақлаш хизматлари, ижтимоий хизматлар ва адлия имкониятларидан фойдаланиш борасида чекланганлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ижтимоий муҳофаза ва пенсия таъминоти дастурларига гендер ёндашувни интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Оила ва аёллар қўмитаси раиси ўринбосари М. Нурматова ўз маърузасида мамлакатимизда кекса ёшдаги аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. У ижтимоий муҳофазанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш, муносиб пенсия таъминотини таъминлаш ҳамда кекса ёшдаги аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси кекса ёшдаги аёллар учун мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган миллий тажриба ва ташаббуслар билан ҳам ўртоқлашди. Халқаро амалиётдаги илғор ёндашувларни ўрганиш ва уларни миллий даражада жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Мамлакатимиз делегациясининг ушбу тадбирдаги иштироки Ўзбекистоннинг барча ёшдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс сиёсатни ривожлантиришга, кекса ёшдаги аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволини мустаҳкамлашга ҳамда халқаро майдонда тажриба ва энг яхши амалиётлар билан алмашишга садоқатини акс эттирди.

Вазирлар даражасидаги учрашув кекса ёшдаги аёллар ҳуқуқларини таъминлаш нафақат ижтимоий адолат масаласи, балки барқарор ривожланиш ва жамият фаровонлигини таъминлашнинг муҳим стратегик омили эканини яна бир бор тасдиқлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech