“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрелда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор билан худди шу бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур тасдиқланди.
Қарорда таъкидланганидек, “Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида мужассам этган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз инсон қадр-қимматини юксалтириш, кўп миллатли жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, унинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлиб келмоқда”.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини миллий истиқлолимизнинг давлатчилигимиз тарихи, ҳозирги ва келажак ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига мувофиқ юксак даражада, муносиб нишонлаш бош мақсад этиб белгиланди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 августга қадар ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва эришилган ютуқларга бағишланган “Мустақиллик зафарномаси” махсус китоб-альбоми тайёрланади.
2026 йил апрель ойидан ижтимоий тармоқларда #Mustaqillik35, #Uzb35 хештеглари остида тарғибот акциялари бошланади.
2026 йил апрель ойидан “35 йиллик Истиқлол йилномаси” рукнида мустақиллигимизнинг тарихий босқичлари, эришилган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларини ёритувчи туркум ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрлаш ва телеканалларда намойиш этилиши таъминланади.
2026 йил август–сентябрь ойларида хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида “Мустақил Ўзбекистон – ғурурим, ифтихорим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Мустақилликнинг 35 йиллигини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят ва туман (шаҳар) марказларида, барча маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, вазирлик ва идоралар тизимида муносиб нишонлашга қаратилган кенг қамровли тайёргарлик ишлари бошланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский