Рекламада сунъий интеллектдан фойдаланиш дезинформация кучайишига туртки беради

Дунёда рекламага сарфланадиган йиллик харажатлар бир триллион доллардан ошади. БМТ йирик компаниялар сунъий интеллект келажагини шакллантиришда муҳим роль ўйнаши, халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатсизлиги эса глобал “дезинформация инқирози”ни янада чуқурлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Глобал коммуникациялар департаменти ва “Conscious Advertising Network” тармоғи томонидан ушбу мавзуга бағишлаб тайёрланган янги таҳлилий маълумотномада айтилишича, рекламада сунъий интеллектнинг назоратсиз жорий этилиши бутун рақамли ахборот муҳити учун муаммоларни келтириб чиқаради. БМТ янгиликлар сайтида 2026 йил 29 апрель куни эълон қилинган ахборотда шу ҳақда сўз боради (қаранг: https://news.un.org/ru/story/2026/04/1467809 ).

Реклама саноати интернетдаги ахборот оқимларининг марказида туради, унинг бюджетни тақсимлаш бўйича қарорлари эса қандай контент яратилиши, илгари сурилиши ва монетизация қилинишига таъсир кўрсатади. Реклама хариди ва контент яратиш жараёнларига сунъий интеллект воситаларининг татбиқ этилиши билан бу динамика фақат кучайиб бормоқда.

БМТнинг ахборот яхлитлиги масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Шарлотта Скеддан қайд этишича, “Реклама одамлар нималарни кўриши ва нимага ишонишини шакллантиришга ёрдам берадиган тизимларни молиялаштиради”. Айни чоғда, “Тезкор чоралар ва ҳимоя механизмларисиз сунъий интеллект ахборот экотизими яхлитлигининг парчаланишини тезлаштириши мумкин. Реклама берувчиларда бу вазиятни ўзгартириш имконияти бор”, – дея қўшимча қилди у.

Маълумотномада рақамли муҳитдаги бир қатор муаммолар алоҳида таъкидланган. Хусусан:

биринчи муаммо – дезинформация ва нафратга ундаш. Гап шундаки, сунъий интеллект дезинформация ва нафратга ундовчи чақириқлар тарқалишини тезлаштирмоқда, реклама даромадлари эса сифати ёки ишончлилигидан қатъи назар, онлайн материалларга ҳомийлик қилишда давом этмоқда;

иккинчи муаммо – шаффофликнинг йўқлиги. Сунъий интеллектга асосланган реклама тизимлари фаолиятининг шаффоф эмаслиги фирибгарлик ва самарасизлик учун парда бўлиб хизмат қилиши мумкин;

учинчи муаммо – журналистикага таҳдид. Сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентнинг ортиб бориши мустақил журналистиканинг яшовчанлигига хавф солмоқда. Рақамли муҳитга ишончнинг пасайиши эса аллақачон реклама кампаниялари самарадорлигига путур етказмоқда.

Маълумотнома муаллифлари булар нафақат ижтимоий муаммолар, балки бизнес учун таваккалчиликлар ҳам эканини таъкидлайдилар. Аудитория реклама жойлаштириладиган платформаларга ишончни йўқотса, сайтга кирувчилар сони камаяди ва сармоялар ўзини оқламайди.

Айни чоғда, масъулиятли рекламани тарғиб қилувчи глобал коалиция – “Cонсcиоус Адвертисинг Нетwорк” вакили Ҳарриэт Кингабининг фикрича, “Брендлар сунъий интеллектни тезда жорий этишга мажбур, аммо тўсиқлар бўлмаса, бундай ечимлар уларнинг маркетинг стратегиялари таянадиган муҳитнинг ўзига путур етказиши мумкин”. Ҳ. Кингаби, шунингдек, “Гап инновацияларга тўсқинлик қилиш ҳақида эмас, балки уларнинг ҳам бизнес, ҳам жамият манфаатлари йўлида ишлашини таъминлаш ҳақида кетмоқда”, – дейди.

Шу муносабат билан БМТ экспертлари сунъий интеллект ва рекламани бошқариш борасида янгича ёндашувлар муҳимлигига эътиборни қаратди. Бунда сиёсатчиларни:

биринчидан, сунъий интеллект ва рекламани бошқариш механизмларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга;

иккинчидан, реклама фаолияти шаффофлигини ошириш учун саноат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилишга чақириш жуда муҳим.

Бундан ташқари, реклама берувчиларга:

  • сунъий интеллект етказиб бериш занжирларида кўпроқ шаффофликка эришиш;

  • сифатли оммавий ахборот воситаларига устунлик бериш;

  • онлайн платформаларни фойдаланувчилар ва истеъмолчиларни ҳимоя қилишнинг янада ишончли чораларини яратишга ундаш учун молиявий дастаклардан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Мухтасар айтганда, БМТ маълумотномасида келтирилган далиллар шуни кўрсатадики, реклама харид қилишда шаффофликнинг оширилиши самарадорлик кўрсаткичларининг икки хонали рақам билан ўсишини таъминлаши эҳтимолдан холи эмас. Бу, ўз навбатида, масъулиятли иш усуллари муваффақиятли бизнес манфаатларига мос келиши мумкинлигини тасдиқлайди.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech