Миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – Янги Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги

16 май – Ўзаро аҳилликда ҳамжиҳат яшаш халқаро куни

 

«Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир». Ушбу фикрларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқиндагина, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида таъкидлади.

Бу ҳақда сўз борганда, 16 май – Ўзаро аҳилликда ҳамжиҳат яшаш халқаро куни (International Day of Living Together in Peace) санаси БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 8 декабрдаги 72/130-резолюцияси билан белгиланганини таъкидлаш лозим. Бундай қарорга келишда Бош Ассамблея аввало Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган тегишли мақсад ва принципларга таянган.

Бинобарин, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг БМТ Низоми 1-моддасида қайд этилган мақсадларидан биринчиси – «Халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва шу мақсадда тинчликка таҳдиднинг олдини олиш ва уни бартараф этиш ва тажовуз ҳаракатлари ёки тинчликка рахна солувчи бошқа ҳаракатларни бостириш учун биргаликда самарали чоралар кўриш ҳамда адолат ва халқаро ҳуқуқ принципларига асосланган ҳолда тинчлик воситаларидан фойдаланиб, тинчликнинг бузилишига олиб келувчи халқаро низо ёки вазиятларни тинчитиш ёки ҳал этиш» ҳисобланади.

Ўз навбатида, Бош Ассамблея 1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилишда таянган асосий омиллар санаб ўтилган. Ушбу халқаро ҳужжат Муқаддимасининг дастлабки бандида уқтирилганидек, бунда «Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлиги» эътиборга олинган. 

Бундан ташқари, Ўзаро аҳилликда ҳамжиҳат яшаш халқаро кунини эълон қилишда Тинчлик маданияти соҳасидаги декларация ва Ҳаракатлар дастурининг халқаро ҳамжамият, авваламбор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими учун инсоният, хусусан, унинг келажак авлодлари манфаатларига мос келадиган тинчлик ва зўравонликларсиз маданиятни шакллантириш борасидаги универсал мандат вазифасини бажарадиган аҳамияти ҳам ҳисобга олинган. Шу ўринда Бош Ассамблеянинг яна бир қатор тегишли резолюцияларига ҳавола қилинганини ҳам қайд этиш лозим.

Тинчлик – шунчаки зиддиятларнинг йўқлиги эмас, балки мулоқот рағбатлантириладиган, зиддиятлар эса ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик руҳида ҳал этиладиган ижобий, динамик ва кенг иштирокка асосланган жараёндир. Тинчлик маданиятини, ўзаро тушунишни, инсоният хилма-хиллигини ҳурмат қилишни, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ва низоларнинг олдини олишни рағбатлантириш тинч-тотув яшашга ҳисса қўшиши мумкин.

БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюцияларида қайд этилган ушбу таъкидлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китобида зикр этилган мана бу фикрлари билан ниҳоятда ҳамоҳанг: «Ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистоннинг мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини асраб-авайлаш, бугунги кунда умумий нуфуси 37 миллион нафардан ошган халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш учун бизга фақат тинчлик, тинчлик ва яна бир бор тинчлик зарур».

Давлатимиз раҳбарининг фикрича, Ғалаба боғи — ҳамиша барҳаёт қаҳрамонларимиз тимсоли, ўзлигимиз ифодаси, қандай сабот-матонатли халқ эканимизнинг ёрқин амалий тасдиғидир. Энг асосийси, бу мажмуа ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитилиб, изчил кенгайтирилмоқда.

Ўтган йили Ғалаба боғи ҳудудида «Хотира нури» композиция­си барпо этилди. Парвоз қилаётган бир жуфт қуш шаклидаги бу монументал асар Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида жон олиб-жон берган ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида меҳнат қилган ватандошларимизнинг тенгсиз жасоратини мадҳ этади. Бундай қутлуғ қадам халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши ва мустақиллик давридаги қаҳрамонлигини чуқур ўрганиш, янги-янги материаллар, ҳужжатлар топиш ва эълон қилиш билан боғлиқ хайрли ишларнинг натижадор давоми ҳисобланади.

Ғалаба боғида яна бир янги бир ёдгорлик — «Миллат фидойилари» монументи барпо этилди. Ушбу монументда номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилган 196 нафар марҳум ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳар бири, Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари каби, халқимизнинг ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлишга улгурмаган шер­юрак ўғлонларидир.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «мамлакатимиз истиқлоли, халқимиз тинчлигига нисбатан реал хавф туғилган пайтда, улар бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмасдан, жонажон Ватанимиз ҳимоя­си йўлида ўзларини қалқон қилишди. Бу фидойи ҳарбийлар шу тариқа бугунги Янги Ўзбекистон учун мустаҳкам замин яратиб кетишди. Шу боис, биз уларнинг хотираси, руҳи поклари олдида доимо қарздормиз».

Аслида ҳам, айни ёдгорликларнинг беқиёс аҳамияти Янги Ўзбекистонни барпо этиш асносида олдимизга қўйган халқимизни рози қилиш ва «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни амалга оширишдек бош мақсадимиз билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, инсон қадрини эъзозлаган давлат ва жамият ҳеч қачон кам бўлмайди.

Ғалаба боғига келган киши Ватан мустақил­лиги учун курашган, жон фидо этган одам асло эл-­юртнинг назаридан четда қолмаслигини, келгуси авлодлар уларни эсидан чиқармаслигини чин юракдан ҳис этиши жуда муҳим. Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, «шундагина халқ ҳаётида фидойилик ва қаҳрамонлик анъаналари бардавом бўлади. Шундагина инсон қадри ва ҳаёти нақадар буюк бойлик экани яққол аён бўлади».

Яна бир алоҳида муҳим жиҳат: шу кунларда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мустақил Ватанимиз ўзининг буюк кўҳна тарихи ва ҳозирги замон тараққиёти билан ўзаро узвий боғлиқ бўлган истиқболи порлоқ мамлакатдир.

Жонажон юртимизнинг маънавий, маърифий ва тарихий салоҳияти жаҳон ҳамжамиятида тобора муносиб ўрин эгалламоқда. Айни чоғда, Ўзбекистон ўз суверенитети, давлат мустақиллигига осонлик билан эришмаганлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Истиқлол йўлида сўнгги бир ярим аср давомида курашган не-не фидойи ватандошларимиз муттасил қатағон этилди, ҳурриятга интилган миллат қаҳрамонлари зулм ва зўравонлик қурбони бўлди. Бинобарин, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган азму шижоатли ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини меҳр ва ҳурмат билан ёдга оламиз.

Хулоса ўрнида тинчликка бевосита ва билвосита бағишланган халқаро саналарнинг рўйхатини келтирамиз:

  • 8 ва 9 май – Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонларини хотирлаш кунлари;

  • 8 май – Бутунжаҳон Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой куни;

  • 16 май – Ўзаро аҳилликда ҳамжиҳат яшаш халқаро куни;

  • 21 май – Бутунжаҳон терроризмга қарши кураш куни;

  • 29 май – БМТ тинчликпарварлари халқаро куни;

  • 27 июнь – Зўравонликка йўл қўймаслик халқаро куни;

  • 6 август – Хиросима қурбонлари хотираси куни;

  • 21 сентябрь – Тинчлик халқаро куни;

  • 24-30 октябрь – Қуролсизланиш ҳафталиги;

  • 6 ноябрь – Уруш ва қуролли можаролар вақтида атроф-муҳитдан фойдаланилишига барҳам бериш халқаро куни;

  • 9 ноябрь – Фашизм ва антисемитизмга қарши халқаро кун;

  • 11 ноябрь – Бутунжаҳон тинчлик ва тараққиётга бағишланган илм-фан куни;

  • 27 январь – Холокост қурбонларини хотирлаш халқаро куни.

Дарвоқе, 2025 йилда тинчлик билан боғлиқ яна бир халқаро сана эълон қилинди. Бу ўринда БМТ Бош Ассамблеясининг 2025 йил 4 мартдаги 79/269-сонли резолюциясига асосан, 28 январь – Халқаро тинч-тотув яшаш куни, деб эълон қилингани ҳақида сўз бормоқда.

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари уқтирганидек, «Бизнинг энг катта бойлигимиз — бу тинч ва осойишта ҳаётимиз, Ватанимиз мус­тақиллиги, халқимизнинг омонлигидир. Бугунги кунда барча ҳаракат ва ислоҳотларимиз, ҳамма эзгу ниятларимиз бир улуғ мақсадга — давлатимиз истиқлоли, эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган. Энг катта мақсад-муддаомиз — меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат».

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech