Миллий марказ вакили мактабда учрашув ўтказди

21 май куни Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги 307-мактабда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида маърифий учрашув ўтказилди. Унда Миллий марказ директорининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот хизмати раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо иштирок этди.

Мактаб ўқитувчилари ва асосан битирувчи синфлар ўқувчилари қатнашган ушбу жонли мулоқотда даставвал ёшларнинг касб-ҳунар танлаши масаласи ҳақида сўз борди. Бунда, хусусан, шиддат билан ўзгараётган юксак технологиялар даври ўзгаришларини ҳисобга олиш, шахсий қизиқиш ва дунёқарашлардан келиб чиқиш, янада муҳими, танланадиган касб-ҳунарларнинг инсон манфаатларига имкон қадар кўпроқ хизмат қилишини назарда тутиш муҳимлиги уқтирилди.

Учрашув давомида «Китоб — маърифат манбаи» номли акция ҳам ўтказилди. Маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланган ушбу тадбирда китоб мутолаасида гап кўп экани таъкидланди. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси ошириш асосий мақсад этиб белгилангани бежиз эмас.

Мактаб кутубхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан 60 та адабий-бадиий китоб топширилди. Шунингдек, маърифий учрашувда фаоллик кўрсатган ўқувчи-ёшларга ҳам китоблар тақдим этилди.

Мактаб директорининг маънавий–маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муаттархон Турғунова Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига амалий ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Миллий марказ ташаббуси билан мактаб кутубхонасида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам ўз ҳуқуқий билимларини оширишлари учун қулай имконият туғдирмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech