Бугун – Автомобилсиз кун!
Жорий йил 10 июнь куни мамлакатимиз бўйлаб навбатдаги “Автомобилсиз кун” экологик акцияси ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга оид фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10- ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ташкил этилмоқда.
Белгиланган тартибга кўра, акция куни давлат ташкилотлари ва идоралари ходимларининг хизмат автотранспортларидан фойдаланиши тақиқланади. Шу билан бирга, мазкур талабларга риоя этмаслик хизмат одоби қоидаларини бузиш сифатида баҳоланиши мумкин.

Ташаббуснинг асосий мақсади автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар миқдорини қисқартириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб этишдан иборат.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, транспорт воситалари сонининг ортиши шаҳарларда ҳаво ифлосланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис бундай акциялар нафақат экологик ҳолатни яхшилашга, балки фуқароларни соғлом турмуш тарзига чорлашга ҳам хизмат қилади.
Бугунги акцияда давлат идоралари, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, экологик тарғибот тадбирлари, оммавий сайрлар ва жамоатчилик акциялари ҳам ташкил этилмоқда.
Мутасаддилар барча фуқароларни мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаш, имконият даражасида шахсий автомобилдан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед ёки пиёда ҳаракатланишни танлашга чақирмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский