Болаларга ғамхўрлик – энг эзгу амал

12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни

 

Ҳозирги кунда дунёда қарийб 138 миллион нафар бола мажбурий меҳнат домига тортилган бўлса, улардан 54 миллион нафари ҳаёт ва соғлиқ учун ўта хавфли шароитларда ишлашга мажбур этилмоқда.

Бу рақамларни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Жильбер Унгбо куни кеча эълон қилди. Унинг таъкидлашича, мажбурий меҳнатга жалб этилган болалар тақдири билан боғлиқ бугунги вазият тоқат қилиб бўлмайдиган даражада оғир бўлиб, жаҳон ҳамжамияти ушбу ҳолатга тезкор чора кўриши талаб этилади.

 Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2026 йил 1 январь ҳолатига, мамлакатимиздаги жами болалар сони 11 миллион 630 минг 879 нафарни ташкил этган. Шундан – 6 миллион 30 минг 736 нафари ўғил бола ва 5 миллион 600 минг 143 нафари қиз болалардир.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ. Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур». Давлат раҳбарининг ушбу фикрлари кейинги йилларда ҳаётимизга тобора кенг татбиқ этилмоқда.

Энг муҳими, Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини тизимли ва ҳар томонлама таъминлаш борасида муайян ибратли тажриба тўпланди. Бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Авваламбор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланди.

Конституциямизнинг 44-моддасига кўра:  “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”.

Асосий қонунимизда ушбу нормаларнинг акс этгани, бир томондан, мажбурий меҳнатга қарши кураш йўлидаги ютуқларимизни тасдиқлаб, бу жабҳада истиқболда амалга оширадиган ишларимиз бардавом бўлишини конституциявий даражада муҳрлаган бўлса, иккинчи томондан, айни омил Ўзбекистоннинг халқаро имижига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Зеро, мазкур конституциявий нормалар болаларимизни меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя этиб, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади. 

Яна бир муҳим жиҳат: ушбу конституциявий нормалар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенцияларида белгиланган тартиб ва талаблар миллий қонунчилигимизга сингдирилганидан яққол далолатдир. Бу ҳақда фикр юритганда, 12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни ҳам айнан ХМТ томонидан таъсис этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мазкур муҳим халқаро санага асос солиш ғояси 1997 йили Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига қарши кураш ҳамда болалар меҳнати бўйича халқаро конференциядан сўнг туғилган. Шу негизда болалар меҳнати билан боғлиқ муаммоларга бутун башарият эътиборини қаратиш мақсадида ХМТ илк бор 2002 йили Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунини ўтказди.

Шундан буён болалар меҳнатига қарши курашиш учун ўз кучларини бирлаштирган ҳукуматлар, иш берувчилар, ишчилар ташкилотлари, фуқаролик жамияти вакиллари, шунингдек, дунёдаги миллионлаб одамлар ҳар йили 12 июнь кунини кенг нишонлайди. Эътиборлиси, сўнгги йигирма тўрт йил ичида дунё бўйлаб болалар меҳнатини камайтиришда сезиларли муваффақиятларга эришилди.

ХМТга аъзо давлатлар болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларини, иложи борича, тезроқ бартараф этишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун ҳар қайси давлат бу борада ҳам фаолият доирасини кенгайтириши, ҳам сиёсий иродасини мустаҳкамлаши талаб этилади.

Ўзбекистон ХМТнинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилган. Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўналишида тегишли комиссиялар фаолият олиб боради.

Айниқса, БМТ болаларни ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар салмоғи борасида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш даркор. Хусусан, 1959 йилда БМТ томонидан Бола ҳуқуқлари декларацияси, 1989 йилда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди. Бу Конвенция жаҳон мамлакатлари томонидан энг кўп ратификация қилинган халқаро шартномага айланди.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган ва 2008 йилда мазкур Конвенциянинг икки факультатив протоколини ратификация қилган. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларига содиқлигини намоён қилиб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрдаги 72-сессиясида ва 2021 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқларида  Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш чоралари кўрилиши тўғрисида таъкидлагани бежиз эмас. Бинобарин, мамлакатимизда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилди. Болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтирилди. 

Кейинги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, улар асосида болаларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Қабул қилинаётган қонунлар айнан “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодекслари болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик ёки уларни меҳнатга маъмурий мажбурлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди. Бу таъсирчан чоралар мамлакатимизда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини намоён этди.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари борасида муваффақиятга эришганлигини эътироф этди.

Сир эмаски, яқин йилларгача юртимизда ўқитувчи-педагоглар, тиббиёт соҳаси вакиллари, талабалар ва ўқувчилар жамоавий ишларга мунтазам жалб этилган, улардан ишчи кучи сифатида фойдаланиб келинган. Шукрки, давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда бу каби салбий ҳолатларга чек қўйилди: мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олди олинди.

Ўзбекистон ХМТнинг «Мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сонли, «Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида»ги 105-сонли, «Энг кичик ёш тўғрисида»ги 138-сонли, «Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишлари тўғрисида»ги 182-сонли конвенцияларини ратификация қилгани бунда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликда бола меҳнатига жалб этиш тақиқланиши ва жавобгарликка сабаб бўлиши аниқ-равшан кўрсатилган.

Бугунги кунда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тақиқлашга тааллуқли конституциявий нормалар миллий қонунларимиз мазмун-моҳиятига теран сингдирилиб, ҳаётимизнинг одатий тарзига айланиб улгурди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш бўйича устувор ислоҳотлар дастури тасдиқланди. Дастур асосида, жумладан, ўқувчиларни эрта ёшдан бошлаб касбга қизиқтириш ва уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим дастурий ҳужжат – “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режаси доирасидаги истиқболли ишлар ҳам диққатни ўзига тортади. Бу ўринда, жумладан, касбий таълим тизимида таълим дастурлари давомийлигидан келиб чиқиб, таълим муассасасида ўқувчилар назарий билимларни эгаллаш билан бирга завод, фабрика, ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт билан шуғулланиб касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқув-услубий механизмлар йўлга қўйилаётгани ҳақида сўз бормоқда.

Эътибор беринг: шу кунларда Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси доирасида 12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан “Болалар меҳнатига қизил карточка: Марокашдан амалий ҳаракатларгача” мавзусида  халқаро тадбир ўтказилди. Унда болалар меҳнатини тугатиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро меҳнат конференциясида иштирок этган 187 та давлат орасида Ўзбекистон делегацияси томонидан меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари тақдим этилди. Мамлакатимизда болалар меҳнатининг деярли тўлиқ бартараф этилгани, бу натижа давлат сиёсати, кучли ижтимоий ҳимоя тизими ва халқаро ҳамкорлик самараси сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимиз билан мажбурий меҳнатга ва болалар меҳнатига тақиқ қўйилгани, шубҳасиз, юртимизда инсон қадр-қиммати юксак даражага кўтарилаётганини, бу борадаги сиёсат қатъий эканини англатади. Боланинг энг мақбул манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани, айниқса, аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини болалар ташкил этувчи Ўзбекистонда ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech