КЕКСАЛАР ҚАДР ТОПГАН ЮРТДА ҚУТ-БАРАКА, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ТИНЧЛИК-ОСОЙИШТАЛИК БАРҚАРОР

15 июнь – Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни

 

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳада фахрийлар ҳуқуқлари билан боғлиқ қонуности ҳужжатларда тарқоқ ҳолда бўлган ҳуқуқий нормалар жамланиб, яхлит қонун ҳолатига келтирилмоқда.  

Хусусан, лойиҳа билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда бу соҳада масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Эндиликда бирор бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилади. Собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, орден ва фахрий унвонлари билан тақдирланганлар фахрий унвонини олиши мумкин. Шунингдек, мамлакат суверенитети, тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий соҳа вакиллари ва мазкур қонун ҳужжатида акс этган бошқа вакиллар фахрий мақомига сазовор бўлиши мумкинлиги белгиланмоқда.  

Фахрий мақомини олган фуқаролар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя, солиқ ҳамда пенсия имтиёзларидан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Хусусан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволанишлари мумкин. Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, шаҳар транспортида бепул юриш, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш каби бир қатор имтиёзларга эга бўлади.  

Шунингдек, фахрийлар соғломлаштириш муассасаларида дори воситалари билан имтиёзли таъминланади. Маданият ва кўнгилочар муассасалар — спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши мумкин.

Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамалари айнан 15 июнь – Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни арафасида бўлиб ўтганида ўзига хос рамзий маъно бор. Бинобарин, парламент қуйи палатаси депутатлари таъкидланганларидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида фахрийларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконияти янада кенгаяди. 

 Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни  БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йилдаги резолюцияси билан таъсис этилган. Ҳар йили шу халқаро санада бутун дунёда кекса авлодга мансуб айрим ёши улуғ инсонлар изтиробли муаммоларга дуч келаётганлари номақбул экани ҳақидаги маълумотларни кенг ёйиш анъанага айланган.

Гап шундаки, 2015 йили ер юзи аҳолисининг 900 млн нафарини 60 ёшли ва ундан катта ёшдаги инсонлар ташкил этган бўлса, 2050 йилда бу рақам салкам икки баробар ортиши кутилмоқда. Яъни, 24 йилдан сўнг заминдош кексаларимизнинг  сони тахминан 2 млрд нафарга етади.

БМТ таҳлилларига қараганда, 2030 йилда сайёрамиздаги 60 ёшдан катта инсонлар сони 38 фоизга ошади ва қарийб 1,4 млрд нафардан иборат бўлади. Бошқача айтганда, кексалар ёшлардан кўра кўпроқни ташкил этади. Ўз навбатида, 2050 йилда дунёдаги ҳар олти инсоннинг бир нафари 65 ёшдан катта кексалардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.

Кексалар сонининг жадал суръатларда ортиши, ўз навбатида, аҳолининг айни қатлами вакилларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг ҳам кўпайишига олиб келиши сир эмас. Шунинг учун БМТ ёши улуғ инсонлар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган глобал жавоб чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблайди.

Экспертларнинг фикрича, кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларига қарши курашиш бўйича ёндашувлар маданий мезонларга таяниши ва бунда ҳар бир алоҳида ҳолатга тааллуқли таҳдид омиллари инобатга олиниши мақсадга мувофиқдир. Ривожланаётган  ва ривожланган мамлакатларда ҳам кексаларга нисбатан шафқатсиз муносабат бирдек кузатилгани ҳолда, афсуски, бу ҳақдаги маълумотлар глобал миқёсда жуда кам тарқалади.

Айни муаммонинг глобал кўлами ноаниқ бўлиб қолаётганига қарамай, унинг ижтимоий ва маънавий зиёни кундек равшан. Шу боис дунё миқёсида кексаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳар томонлама таъсирчан чоралар кўришга жиддий эътибор берилмоқда. Хусусан, “Кекса инсонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга қарши курашиш: БМТнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган соғлом кексайиш ўн йиллигининг беш устувор йўналиши” мавзусидаги маъруза эълон қилингани муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, кексаларимизга ғамхўрлик кўрсатиш масаласи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 46-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган  бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 19-мақсади соғлом ва фаол кексаликни таъминлашдир. Ушбу Стратегияни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасига кўра, бир томондан, ҳар йили 60 ва ундан катта ёшдаги аҳолини соғломлаштириш, иккинчи томондан, катта ёшдаги аҳоли орасида тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича индивидуал ва оммавий тарғибот тадбирларини ўтказиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 26-мақсади асосида нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида турибди. Жумладан, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уруш орти меҳнат фахрийлари ҳолидан мунтазам хабар олинмоқда.

Жорий йил давомида юртимизнинг диққатга сазовор жойларга, тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига 1,5 миллион нафар нуронийларнинг саёҳатларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Маҳаллаларда, ўқув юртларида, ташкилот ва идораларда ёшлар, шунингдек, уюшмаган, тарбияси оғир, муаммоли ёшлар ва кам таъминланган оилалардаги ёшлар ўртасида, шунингдек, ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчилар ўртасида кекса авлод вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилаётгани ҳам жуда муҳим.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech