Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувга бағишланган Пекин форумида Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
11–12 июнь кунлари Пекин шаҳрида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув – 2026 форуми (2026 Форум on Global Human Rights Governance) бўлиб ўтди. Тадбир “Ҳамжиҳатликдаги тараққиёт, умумий инсон ҳуқуқлари: Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 40 йиллиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувнинг янги истиқболи” мавзусига бағишланди.
Форум ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди.
Форум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг йирик халқаро майдонлардан бирига айланди. Унинг ишида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан давлат органлари, илмий-эксперт ҳамжамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари – жами 400 дан зиёд иштирокчи қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув форуми Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг Матбуот идораси ва ХХР Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти ҳамда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди.
Д. Муратова ялпи мажлисда сўзга чиқар экан, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганидан қирқ йил ўтиб, давлатлар ва халқларнинг ушбу ҳуқуқни амалга ошириш учун зарур бўлган имкониятлардан тенг фойдаланишини таъминлаш халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифасига айланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойилларига асосланган ислоҳотларга, инсон капиталини ривожлантиришга, таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, мамлакатда инсонга, таълим ва билимга сармоя киритиш барқарор ривожланиш ҳамда фуқаролар ҳаёти сифатини оширишнинг энг муҳим шарти сифатида қаралмоқда.
Миллий марказ вакили томонидан, шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни илгари суриш ва барқарор ривожланиш учун имкониятларни мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.
Д. Муратова форум иштирокчиларини жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этишга таклиф қилди.
БМТ Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланган ушбу форумда асосий эътибор рақамли трансформация, иқлим ўзгариши ва глобал ижтимоий-иқтисодий муаммолар шароитида ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга доир замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилди.
Форум иштирокчилари томонидан Хитойнинг мамлакатни модернизация қилиш жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сезиларли ютуқлари қайд этилди. Инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамиятини шакллантириш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.
Форум доирасида Хитойнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси ҳам тақдим этилди. Ушбу ҳужжатда келгуси беш йил учун мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Дастур доирасида Форум ўз ишини бешта мавзули шўъбаларда давом эттирди. Бунда глобал бошқарув ва инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект даврида ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, модернизация ва инсоннинг ҳар томонлама камол топиши ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Форум якунида замонавий технологиялар, иқлим ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар билан боғлиқ турли таҳдидлар шароитида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратилди. Иштирокчилар ривожланиш ҳуқуқини илгари суриш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш муҳимлигини тасдиқладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский