Инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

23 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев Бухоро давлат университетига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Университет ректори Обиджон Ҳамидов билан учрашув бўлиб ўтди.

Самимий ва амалий руҳда кечган мулоқот чоғида юридик таълим сифатини янада ошириш, замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнига илғор халқаро тажриба ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар юридик фан ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, бу борада олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Хусусан, Бухоро давлат университетида илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар, докторантлар ва тадқиқотчилар билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассислари ўртасида самарали илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳалар ва тадқиқотларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув давомида Миллий марказ ҳузурида нашр этилаётган “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланганидек, мазкур нашр юридик йўналишда илмий фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар, изланувчилар ва ёш олимлар учун ўз илмий изланишлари натижаларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш ҳамда илмий мулоқотни ривожлантиришда муҳим майдон ҳисобланади.

Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Бухоро давлат университетининг Ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Кутубхона фондини янада бойитиш Миллий марказ номидан инсон ҳуқуқлари соҳасига оид адабиётлар тўплами Университет кутубхонасига беғараз топширилди.

Шунингдек, талаба-ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг миллий ҳамда халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан мунтазам танишиб боришлари учун Университетда “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бурчаги”ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташаббус таълим муассасасида инсон ҳуқуқларига оид маърифий муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар юридик таълим, илмий тадқиқотлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech