ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР ХОДИМЛАРИ УЧУН ТРЕНИНГ ДОИРАСИДА УШЛАБ ТУРИЛГАНЛАРНИНГ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ТОИФАЛАРИ ВА ТИББИЙ КАФОЛАТЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

23 июнь куни «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқаришнинг илғор амалиёти» мавзусидаги уч кунлик тренингнинг иккинчи куни бўлиб ўтди.

Ушбу тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида, 2025–2026 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси» доирасида ташкил этилди.

Навбатдаги машғулотлар ушлаб турилганларнинг ҳимояга муҳтож тоифалари, гендер-сезгир ёндашувлар ва тиббий кафолатлар масалаларига бағишланди. Дастлабки кун якунлари бўйича қисқача шарҳдан сўнг Буюк Британиянинг Метрополитан полицияси вакиллари Филип Майкл Эндрюс ва Жон Нортон Дантурн ҳамда қамоқхона ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) президенти Азамат Шамбилов иштирокида БМТнинг Багкок қоидалари ва қамоқда сақлаш шароитида гендер-сезгир ёндашув масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар ушлаб турилганларнинг ҳимояга муҳтож тоифалари — аёллар, болалар ва вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, чет эл фуқаролари ҳамда руҳий бузилишлари бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан ишлаш хусусиятларини ўргандилар. Олинган билимлар гуруҳлардаги тақдимотлар ва фикр-мулоҳазалар алмашинуви орқали мустаҳкамланди.

Куннинг иккинчи ярмида қамоқда сақлаш жойларида тиббий кўрик тартиблари ва ҳужжатлаштириш — қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш ҳамда аниқлаш воситаси мавзуси кўриб чиқилди. Қамоқда сақлаш жойларига жойлаштиришдан олдин мажбурий тиббий кўрикка оид Ўзбекистондаги сўнгги қонунчилик ва процессуал ўзгаришлар ҳамда уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш ҳолати таҳлил қилинди.

Ушбу сессиялар ҳам Метрополитан полицияси вакиллари ва А.Шамбилов иштирокида ўтказилди.

Кун якунида иштирокчилар амалий машғулотлар доирасида қамоқда сақлаш шароитидаги тиббий хавфлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишига оид хатарларга муносабат билдириш кўникмаларига тааллуқли тамойилларни ишлаб чиқдилар.

Тадбирнинг иккинчи куни савол-жавоб сессияси, якуний хулосалар ва фикр-мулоҳазалар алмашинуви билан якунланди.

 

Маълумот учун: Халқаро тараққиёт ва адолат маркази (CDJI) — бош қароргоҳи Мадрид шаҳрида (Испания) жойлашган халқаро нодавлат ташкилот бўлиб, у ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва халқаро институтлар билан биргаликда одил судлов тизимларида барқарор ўзгаришларни жорий этиш, янада адолатли судловни таъминлаш ҳамда ушбу тизимга тушиб қолган катталар ва болалар учун энг яхши натижаларга эришиш устида ишлайди.

Ташкилотнинг вазифаси инсонпарвар ва реабилитацияга йўналтирилган судловни имтиёз эмас, балки ҳуқуққа айлантириш, шунингдек, судлов соҳасидаги муассасаларни инсон ҳуқуқларига асосланган самарали тизим ва хизматларни ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

CDJI ўз фаолиятини Европа, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкада амалга оширади. У ўз ёндашувида «аввал ташхис қўйиш, сўнгра ҳаракат қилиш», «жавоб беришдан олдин савол бериш», «ўрнига эмас, балки биргаликда қуриш» ҳамда «тизим мустақил ривожлана олгунча ёнида бўлиш» тамойилларига таянади.

Ташкилот пенитенциар ислоҳотлар, қийноқларнинг олдини олиш, вояга етмаганларга оид юстиция ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли халқаро экспертларни ўзида бирлаштирган. Унинг фахрий президентлари орасида пенитенциар ислоҳотлар соҳасидаги етакчи арбоб баронесса Вивен Стерн, халқаро судья Ренате Винтер ва қамоқхоналарни бошқариш соҳасидаги таниқли олим, профессор Эндрю Койл бор.

Ташкилот президенти — Марказий Осиёда судлов ислоҳотларининг таниқли намояндаси Азамат Шамбилов бўлиб, у Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш, вояга етмаганларга оид юстиция ислоҳотлари ва қийноққа қарши ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Бошқарув кенгаши раиси — БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари профессор Элина Штейнарте. Унинг фаолияти Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол имплементацияси, озодликдан маҳрум этиш жойлари устидан мустақил назорат ва жиноий-процессуал ислоҳотларга қаратилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech