Андижон давлат университетида инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-маърифий ҳамкорлик кенгаймоқда
26 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев Андижон давлат университетига ташриф буюрди. Ташриф доирасида университетнинг Ҳуқуқ ва маънавият асослари кафедрасида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда юридик таълим сифатини ошириш, бўлғуси ҳуқуқшуносларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш ҳамда таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Муҳокамаларда, шунингдек, юридик фанлар ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари билан Миллий марказ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилди.
Кутубхона фондини бойитиш мақсадида инсон ҳуқуқлари соҳасига оид янги адабиётлар тўплами кафедрага беғараз асосда топширилди. Ҳуқуқ ва маънавият асослари кафедраси мудири доцент Шукуржон Амирхожаев ҳамда кафедра профессори Рустамжон Имомов тақдим этилган мазкур адабиётлар учун Миллий марказ раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.
Бундан ташқари, талаба-ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида университетда “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчагини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташаббус таълим муассасасида инсон ҳуқуқларига оид маърифий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар юридик таълим, илмий тадқиқотлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш ҳамда истиқболда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский